Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнини ким аниқлаган?
Бу саволга барча бирдек “Василий Лаврентевич Вяткин”, деб жавоб беради. Тўғри, ушбу олим академик В.Бартольд ёрдамида археологик қазишмалар учун ажратилган маблағ билан 1908-1911 йилларда расадхона ўрнида дастлабки қидирув ишларини олиб борган ва иншоот қолдиқларини аниқлаган. Бироқ унгача бўлган воқеалар тафсилотларини биламизми? Аслида, расадхона ўрни қандай аниқланган?
Расадхона ўрнининг топилишида “Самария” китобининг муаллифи - Абу Тоҳир Хўжанинг авлодидан бўлган, Шайбонийхон мадрасаси мударриси Абдуқайюм Махсум ўғли Абу Саййид Махсумнинг роли катта.
Ўз даврида иқтидорли ҳаттот ва рассом бўлган Абу Саййид Махсум кўкйўтал касалига чалиниб, яқинларининг маслаҳати ва ёрдамида Олойга даволанишга келади. Бу ерда у Олой маликаси Қурбонжон додхоҳ (1811-1907 й.й.) билан учрашади.
Учрашувда Қурбонжон додхоҳ ундаги иқтидорни тезда илғаб олади. Ўзида Қўқон хонлигининг кутубхонаси ва қўлёзмалари борлигини, унда хоннинг ҳужжатлари ва дастхатлари билан бирга марҳум турмуш ўртоғи Андижон ҳокими Олимбекнинг Қўқон хонлиги ва чет элдаги қўшни хонликлар билан мулоқоти акс этган беш сандиқдан иборат ҳужжатлар борлигини маълум қилиб, Абу Саййидга уларни кўриб, тартибга солишни ва рўйхатга олишни илтимос қилади (баъзи тадиқотчиларнинг фикрича, Қўқон хонлигига тегишли бўлган ушбу қўлёзма ҳужжатлар 1873-1875 йилларда Пўлатхон қўзғолони вақтида у билан бирга жанглар олиб борган Қурбонжон додхоҳ қўлига тушиб қолган).
Абу Саййид даволаниш билан бирга, маликанинг илтимосига кўра, архив ҳужжатларини тартибга солиш билан шуғулланади. Бир неча ойдан сўнг Абу Саййид Махсум анча соғайиб, Олойдан Самарқандга қайтади. У ўзи билан Қурбонжон додхоҳнинг ҳали ўрганиб улгурмаган ҳужжатлари сақланадиган охирги бир сандиғини ҳам олиб келади. Мазкур сандиқдаги ҳужжатларни ўрганаётганида бир ҳужжат унинг эътиборини тортади. ХVI асрга оид ушбу ҳужжат бир бева аёлнинг маҳалла масжиди фойдасига ўз томорқасидан воз кечиши ҳақида бўлиб, унда кўрсатилишича, томорқа бир томондан Оби Раҳмат ариғи билан, иккинчи томондан бедазор билан, учинчи томондан маҳалланинг жоме масжиди билан ва тўртинчи томондан Толеъ Расад тепалиги билан чегараланган эди.
“Толеъ Расад” деганда гап Улуғбек расадхонаси ҳақида бораётганлигига шубҳаси бўлмаган Абу Саййид Махсум бу ҳақда анчадан бери расадхона ўрнини аниқлашга ҳаракат қилиб юрган дўсти Вяткинга айтиб беради. Ҳужжат билан танишган Вяткин юқорида таъкидлаганимиздек, расадхона ўрнида қазиш ишларини бошлайди ва дастлабки кунларданоқ машҳур иншоотнинг асос қисмини топишга муваффақ бўлади.
Кўриниб турибдики, расадхонанинг ўрни В.Вяткин томонидан эмас, ватандошимиз Абу Саййид Махсум томонидан аниқланган. Буни ҳатто ўз даврида Россия империясидаги нуфузли илмий жамиятлар ҳам тан олган. Абу Саййиднинг илм-фан йўлидаги хизмати, Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнини аниқлаганлиги учун Ўрта ва Шарқий Осиёни тарихий, археологик, лингвистик ва этнографик жиҳатдан ўрганиш Рус комитети томонидан 100 рубль миқдорида мукофотланган эди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри, унинг атрофи ва қадимий ёдгорликлари тарихий топографиясини ўзида мужассам этган, тарихчи ва археологлар учун муҳим манба ҳисобланган Абу Тохир ибн Қози Абу Саййид Самарқандийнинг “Самария” қўлёзма асарининг чоп этилиши ҳам Абу Саййид номи билан боғлиқдир.
Асарнинг ушбу қўлёзма нусхаси 1895 йил декабрь - 1896 йиль январь ойларида Абу Саййид томонидан рус қоғозига насталиқ хатида кўчирилган ва ушбу нусха асосида В.Вяткин асарни рус тилига таржима қилиб, 1899 йилда нашр эттирганлиги аллақачон рус тарихчилари томонидан эътироф этилган. 1896 йилда тарихчи олим Н.Веселовский ҳам Абу Саййиддан “Самария” асарининг форс тилидаги кулёзма нусхасини олади ва 1904 йилда уни нашр эттиради.
Абу Саййид Махсум Самарқанднинг тарихий топографияси қадимги тарихи билан яхши таниш бўлган. У бетоблиги сабабли ва моддий жиҳатдан қийналган бўлишига қарамасдан, В.Вяткин томонидан дастлаб Афросиёб тепаликларида, кейин Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнида ва Самарқанд атрофларида олиб борилган қазиш ишларида ҳамроҳлик қилди. В.Вяткин шарқ қўлёзмалари ва вақф ҳужжатларидаги тушунарсиз ва баҳсли жойлар хусусида ундан маслаҳат олиб турган. Масалан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган В.Вяткин қаламига мансуб “Самарқанд меъморий ёдгорликлари” рисоласида ҳам муаллиф ўз хулосаларида Абу Саййид Махсумга таянганлигининг гувоҳи бўламиз.
Кўкйўтал касаллиги олимни умрининг сўнгги кунларигача тарк этмади. Замондошларининг хотираларида эслатилишича, Абу Саййид Махсум оғир хасталигига қарамай В.Вяткин томонидан олиб борилаётган қазишма ишларини кузатиш учун Афросиёбга тез-тез келиб турган ва 1910 йилда вафот этган.
XIX аср охири XX аср бошларида яшаган Абу Саййид Махсум каби Самарқандда музей ишининг шаклланишида ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшган Мирзо Абдулла Бухорий, Мирзо Барот, Мулла Қосим, Мирзо Хожимурод каби ватандошларимиз талайгина. Уларнинг фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш бугунги тарихчилармиз олдида турган асосий вазифалардан ҳисобланади.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.