Миёнқоллик ёшларни қийнаётган муаммо нима?

Вилоятдаги адлия органлари ходимлари айни пайтда тизимга бириктирилган 30 минг нафардан ортиқ ёшларнинг мурожаатлари, ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ҳал қилиш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Оқдарё туман давлат хизматлари маркази ходимлари тумандаги Миёнқол маҳалласидаги ишсиз ёшлар хонадонларида бўлди ва уларнинг мурожаатлари ўрганди. Мулоқотда қишлоқ ёшлари асосан деҳқончилик учун ер олишда ёрдам сўради.

Хусусан, мазкур маҳаллага қарашли Оқбуйра қишлоғида яшовчи 23 ёшли Лазизжон Абубакиров деҳқончилик билан шуғулланиш мақсадида 30 сотих ер ажратиш масаласини кўтарди. Унинг бу мурожаати рўйхатга олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ўрганишда 20 нафардан ортиқ ёшлар билан суҳбат олиб борилди ва улар ўртага ташлаган масалалар, муаммолар рўйхатга олинди. Албатта, бу масалалар бир кунда битадиган иш эмас. Бу жараён комплекс ёндашув, вақт талаб қилади. Миёнқоллик ёшларнинг мурожаатлари ҳам тегишли ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқилиб, ижрога қаратилади. 

Адлиячилар ёшлар муаммоларини ўрганишни давом эттирмоқда.