Москвадаги меҳнат муҳожирлари 15 июнгача патент олмасдан ишлаши мумкин
Коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан 2020 йил 18 апрелда қабул қилинган Россия Федерацияси Президентининг фармонига мувофиқ патентларнинг амал қилиш муддати 2020 йил 15 июнгача узайтирилиши бўйича Москва миграция масалалари бўйича бошқармаси баёнот берди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов хабар қилди.
2020 йил 15 июнгача патент муддатини узайтириш учун ариза бериш, шунингдек, патент асосида ишлаётган чет эл фуқаролари томонидан тўланадиган жисмоний шахслар даромад солиғини олдиндан тўлаш талаб этилмайди.
Россия Федерацияси ҳудудида бўлган ва патентга эга бўлмаган чет эл фуқаролари, Россияга келиш мақсадидан қатъи назар, 2020 йил 15 июнгача патент олмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Иш берувчилар коронавирус тарқалиши муносабати билан мамлакатда жорий этилган чекловлар ва санитария-эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда фуқароларни патентсиз ишга жалб қилиш ҳуқуқига эга.