Мунгли кўзлар

Мардон болалар уйига хизмат юзасидан бориб, кўнгли вайрон бўлиб қайтди. Воқеа худди алоқ-чалоқ тушга ўхшарди. У тарбияланувчилар қий-чув кўтариб, ўйнаётган майдонча ёнидан ўтиб борар экан, уч ёшлардаги болакай унга қараб югурди: “Дадам, дадам келди”

Мардон беихтиёр эгилиб болани бағрига олди. У жажжи қўлчалари билан бўйнидан маҳкам қучоқлаб, лўппи юзларини юзига босди: «Дада».

- Асқаржон, бу киши даданг эмас, даданг эртага келади, – орқасидан етиб келган тарбиячи аёл уни Мардоннинг бағридан зўрға ажратиб олди.

Болакай, «қўйиб юборинг, бу менинг дадам, тушимда кўргандим», деб хархаша қиларди.

- Шоҳиста, кел қизим, укангни ушла, олиб бориб ўйнат, - тарбиячи аёл етти ёшлардаги қизалоқни чақириб, Асқаржонни тутқазди.

- Узр, бола-да, сизни хижолатга қўйди, – тарбиячи аёл хўрсинди. – Бир ёшида ота-онаси ажрашиб, бувисига ташлаб кетишган. Кампир оламдан ўтгач, уни шу ерга топширишган. Эсини таний бошлагач, ота-онасини сўрайвериб юрагимизни эзади. “Даданг эртага келади”, деб овутишга мажбур бўламиз. Кеча оқшом ҳам овутиб зўрға ухлатдик. Сизни кўриб дадам, деб ўйлади, шекилли...

Мардон уйга қайтар экан, "Дада", деб жавдираган бола кўз олдидан кетмасди.

Танбалбой

Асли исми Танибой. Ҳеч қаерда ишламай, кўча-кўйда санқиб, топганини ичиб юрганидан Танбалбой дея лақаб орттириб олган. Ишсиз ёшларга бир гектардан ер берилаётганини эшитиб, танга топган девонадай қувониб кетди. Кўзларини юмиб, бармоқларини букиб ҳисоблашга киришди. “Бир гектар кам эмас, агар одамини топса, мўмайгина пулга ижарага берса, бу пулга бир йил ётиб, еб-ичса бўлади”. Калласига келган фикрдан юраги ҳапқириб, ирғиб ўрнидан турди. Ариза ёзиб маҳаллага югурди.

- Раис бува, мумкинми?

Оқсоқол ёзувдан бошини кўтариб, остонада қўл қовуштириб турган Танибойни кўрди. Энсаси қотиб унга юзланди:

- Хўш, нима гап? Ароққа пулинг қолмадими?

- Ариза ёзувдим, - Танибой қўлидаги қоғозни оқсоқолга узатди, – ер бериляпти экан. Шунга мен ҳам...

- Ҳм, сен ҳам ер олмоқчимисан? – оқсоқолнинг авзои бузилди. – Ярим йил ишсизлик нафақаси тўладик, бекорчиликдан қўлинг бўшамади. Ҳунар ўрганиш курсига юбордик, иккинчи куниёқ қочиб келдинг. Уч марта ишга жойлаштирдик, “Соғлигинг тўғри келмай” ишламадинг. Ота мерос ўттиз сотих томорқа ажриқ босиб ётибди. Картошка эк деб уруғ, ўтқаз деб кўчат бердик, сотиб пулига ароқ ичиб юбординг. Энди ақлинг кириб меҳнат қилмоқчимисан? Яхши! Аввал бориб томорқангни эпақага келтир, экин эк, дарахт ўтқаз, тер тўкиб ишла. Ер беришни кейин ўйлаб кўрамиз. Ол аризангни, чиқ!

Тоғаймурод Шомуродов.