Муносабат: “Самарқандга музей-қўриқхона албатта керак”

11 февраль куни сайтимизда музейшунос Маҳмудхон Юнусовнинг “Самарқандга музей-қўриқхона керакми? Агар керак бўлса ҳукумат қарори ижросини таъминлаш зарур” сарлавҳаси мақоласи эълон қилинган эди. Вилоят маданий мерос бошқармасидан мазкур мақолага муносабат билдирилди. Унда мақолада келтирилган бир қатор мавзуларга изоҳ берилган.

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган “Самарқандга музей-қўриқхона керакми?” мавзуси юзасидан эълон қилинган мақоласи юзасидан Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси  музейларни ривожлантириш, ёдгорликларни музейлаштириш ва миллий музей фонди давлат катологини юритиш бўйича мутахассиси Зиёдулла Насимов қуйидагича муносабат билдиради:

“Биринчидан, музей-қўриқхона ўзи нима деган саволга жавоб бермоқчиман. Тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирувчи моддий маданий мерос объектларида музейлар яратилиб, шунингдек, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудида илгари удум бўлган анъанавий хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятлар тикланган тарихий-маданий ҳудудлар музей-қўриқхоналар ҳисобланади.

 “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази музей-қўриқхонаси ҳисобланади.

 

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 3-мартдаги “Моддий маданий мерос обектлари ва ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 119-сонли қарорининг 9-иловасига мувофиқ “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонасининг қўриқланадиган теграларининг чегараси тасдиқланган.

 Мазкур қарорнинг 7-банди билан давлат музей-қўриқхоналари қўриқланадиган теграларидаги ерлар ушбу теграларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолдирилган.

 Музей-қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралиши, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлиги, шунингдек, мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиб турилишидаги асрашга доир ишларда ваколатли орган (Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари) томонидан давлат назорати ўрнатилади.

 Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 19-декабрдаги “Моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4068-сон қарорининг 9-банди билан “Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси” яъни давлат муассасасининг номи “Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси” этиб қайта номланган.

 Давлат муассасаси ҳисобланган “Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси” Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида асрашга доир ишлар билан шуғулланиб, ташкилот ваколатига объектларни қўриқланишини таъминлаш кирмайди.

 Музей-қўриқхона ҳудудларини қўриқлаш ишлари Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилиб, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари маданий мерос агентлиги билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган.

 Учинчидан, музей соҳасига оид қонун ва қонуности ҳужжатларга асосан “Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси” давлат муассасаси ҳисобланади, фаолият турига унинг филиаллари ҳисобланган Самарқанд шаҳридаги “Мирзо Улуғбек музейи-мажмуаси”, “Садриддин Айний уй-музейи”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи”, “Хожа Абдулазиз Абдурасулов уй музейи”, “Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейи”, “Афросиёб-Самарқанд шаҳар тарихий музейи” ва “Ўзбекистон Маданияти тарихи давлат музейи”, Каттақўрғон шаҳридаги “Каттақўрғон шаҳар тарихи музейи”, Иштихон туманидаги “Иштихон тумани тарихи музейи”, Қўшработ туманидаги “Ергаш Жуманбулбул ўғли ёдгорлиги музейи”, Пахтачи туманидаги “Пахтачи тумани тарихи музейи”ларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, улар устидан назорат ўрнатиш ҳамда музейларда сақланаётган экспонатларни асраб-авайлаш, фойдаланиш (кўргазма қилиш), уларни илмий тадқиқ қилиш ва бошқа вазифалар киради.

 Тўртинчидан, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ҳисобланган “Ашратхона” мақбараси бизгача етиб келган ҳолати бўйича консервация қилинган. Содда қилиб айтганда объектни консервация қилиш музейлаштириш дейилади. Бундай объектлар осмон остидаги музей ҳисобланади.

Бешинчидан, “Самарқандга музей-қўриқхона керакми?” деган саволга “Ҳа, керак” деб жавоб берамиз. Чунки музей-қўриқхоналар ички ва хорижий туризмнинг асосий бўғини ҳисобланади. Номланиши бир хил бўлиши мумкин, фақат давлат муассасаси ҳисобланган “Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси” (вилоят бош музей маъмурияти) ҳамда “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан (ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган) Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази музей-қўриқхонаси (тарихий ҳудуд)нинг фарқига бориш керак холос! Юқорида айтилганидек, тарихий ҳудуд ёки маданий мерос объектларининг асрашга доир ишлари юзасидан хулосалар бериш музей ходимининг ваколатига кирмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

 Хулоса ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 26-майдаги ПҚ-4730-сон Қарорининг 3-бандига асосан Самарқанд вилоят Маданият бошқармасига 1121 та ҳамда “Самарқанд музей-қўриқхонаси"га 13 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 6-апрелдаги ПФ-6199-сон Фармонининг 8-бандига асосан Самарқанд вилояти Маданият бошқармаси тасарруфидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи билан қайтарилади. Фойдаланилмаётган объектлар "Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси"дан ҳудудий маданий мерос бошқармасига қайтарилади".