Мурожаатчидан ҳамма хурсанд
Қуённинг бешта боласи бор экан, қуёнчаларининг қорнини тўйдириш учун қанча ҳаракат қилмасин, рўзғор тебратишга қийналибди. Ўйлаб-ўйлаб, ҳайвонлар шоҳи Шерга мурожаат қилмоқчи бўлиб, Тулкининг олдига борибди.
- Мурожаатдан мақсадинг нима бўлса, ёзиб бер, - дебди Тулки.
Қуён “Ҳайвонлар султони Шер жаноблари, бешта болам бор. Уйимда озуқам тугади. Болаларим оч қолмаслиги учун ёрдам беринг”, деб ёзиб Тулкига узатибди.
Тулки эса мурожаатни Бўрига олиб борибди. Бўри хатни Шерга тақдим қилибди. Хатни ўқиган Шер раҳми келиб, ғазначига Қуённинг болаларига беш қоп сабзи беришни тайинлабди.
Ғазначи икки қоп сабзини ўзида қолдириб, “шоҳдан ёрдам” деб уч қоп сабзини Бўрига берибди. Шу тарзда сабзиларнинг бир қопи Бўри, бир қопи Тулки томонидан ўмарилиб, Қуёнга атиги бир қопи етиб борибди. Қуён хурсанд уйига қайтибди...
Диёрбек Холиқов,
СамДЧТИ талабаси.