Мусофир йигитнинг Европа таассуротлари
Кечагидай эсимда. Укам болалигида: "Мен катта бўлсам, катта"грузовой мошин" ҳайдайман. Шофёр бўламан", дерди оғзини тўлдириб. Мактабни битириб, талаба бўлди. Уйланди. Кунлардан бир куни шартта аризасини ёзиб, ишдан кетиб қолди. Болалик орзуси ушалгач, менга Европадан ушбу мактубни юборди. Ватан соғинчига тўла самимий хатни сизларга ҳам илиндим...
Ассалому алайкум, қадрдоним, мана, бугун ўша кун!
Европага виза билан ишлашга келдим. Баҳор, ҳаво энди исиб, деярли ҳар куни ёмғир, ҳамма томон ям-яшил, ҳаво намлиги меъёрдан паст бўлганлигидан ўпка тўйиб нафас оляпти. Биз келиб жойлашган, катта бўлмаган шаҳар топ-тоза, жамоат транспортлари ўз вақтида қатнайди.
Шаҳар кўчаларининг безаклари одамга осойишталик кайфиятини бериб турибди. Одамлари юзида табассум, оддийгина, замонавий кийинган. Биров сизга тикилиб қарамайди.
Иш бўйича ўқишларимиз ва амалий машғулотларимиз бошланди. Техник таъминот ва бошқа моддий томонларини айтиб ўтиришимизга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Мен кўпроқ инсон омилига эътиборимни қаратдим, чунки бу чиройли жамиятни шу инсонлар яратганку. Ажойиб, бу ерда «пора» «ҳақорат» деган тушунчалар саноқли экан.
Ўқитувчи бўлганим учун дарс жараёнидаги методикага эътибор бердим, ажойиб, аниқ ва инсон осон ўзлаштира оладиган даражада.
Ҳафтада 5 иш куни, шанба ва якшанба дам олиш кунлари ишлар олдиндан тузилган ва тасдиқланган график асосида, ҳамма ўзининг вазифасини бажарар экан. Ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича айрим идораларга ва тиббий кўрикка бордик. Ҳамма жойда чиройли муомала, ўзимизни меҳмондек ҳис қилдик. Хаёлан ўзимиздаги муомала маданияти кўз олдимга келди.
Европаликларнинг табиатга бўлган эътибори мени қойил қолдирди. Катта трассаларга ҳайвонлар чиқиб кетиб нобуд бўлмаслиги учун йўл четига минглаб километр тўсиқ сеткалари тортилган. Аҳоли пунктларидан ўтадиган йўл қисмлари шовқиндан ҳимоя деворлари билан жиҳозланган.
Ўрмон тўла ўтин, синган, қуриган дарахтлар, булар эса ўтинни магазиндан олишади. Чорвалари ҳам бошқача: бир қўра қўй бўлса, ҳаммаси бир хил туридан.
Дам олиш кунлари шаҳарларни томоша қиламан. Эски архитектура, бутун бошли шаҳар асл ҳолича сақланган. Булар эски тарихий шаҳарни бузмас экан, янгисини бошқа жойдан қуришаркан.
Бир сафар мени полиция назорати тўхтатди. Барча ҳужжатларимни ва машинани текширди. Қизиқ, пул сўрамади, жарима қилмади, гарчи майда қоидабузарликларим бўлса ҳам.
Дўстона муомалада, айрим нарсалар ҳақида тавсиялар берди, кейин хайрлашдик ва йўлда давом этдим. Ҳозирча шунақа гаплар...
Лекин фақат Ватан соғинчи қийнайди. Оила, жигарлар, Аллоҳ паноҳида бўлинглар, ватандошларим!
Акбар СУЛТОНОВ.