Мустақиллик кунига бағишланган тадбирлар қўшма корхоналарда ҳам ўтказилмоқда
Нуробод туманидаги Сазағон массивида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Щёлкова Агрохим - Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Корхон вакиллари кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасида барча соҳаларда алоқалар кенгайиб бораётганлиги, давлатимиз томонидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига кенг йўл очиб берилиши, чет эл сармоялари жалб этилишининг рағбатлантирилиши натижасида ушбу корхона ташкил этилганлиги айтди.
Маълумот ўрнида, Нуробод тумани Сазағон массивида “Ўсимликларни ҳимоялаш кимёвий воситалари ишлаб чиқариш заводи” қурилиши олиб борилмоқда.
Бунинг учун шу ердаги “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 5.3 гектар майдон ажратилган. Лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ доллардан зиёдроқни ташкил этиб, бу маблағнинг барчаси хорижий инвестиция ҳисобидан. Корхонада қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамият касб этувчи химикатлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
– Ҳозирги кунгача завод қурилишига қарийб 17 миллион АҚШ доллар сарфланди, – дейди директор А.Мирзаев. – Қурилиш ишлари “Марди бунёдкор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилмоқда. Фаолиятимизни жорий йилнинг тўртинчи чорагида бошлашни мақсад қилганмиз. Дастлабки йилда давлат кимё комиссияси томонидан республика қишлоқ хўжалиги экинларига қўллаш учун рухсат этилган 30дан ортиқ ўсимликларни химоялаш кимёвий воситаларини ишлаб чиқарамиз. Ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тоннани ташкил этади. Илк босқичда маҳсулотнинг 20 фоизини экспорт қилишни режалаштиряпмиз.
Заводда ишлаб чиқариш жараёнлари асосан автоматлаштирилган, роботлаштирилган бўлиб энг сўнгги нанотехнологияларга асосланган асбоб-ускуналар ўрнатилмоқда.
Бир пиёла чой устида ўтган суҳбатда бир гуруҳ қурувчилар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.