Мутолаа: Бир соат давом этган воқеа
Кейт Шопен
Мэллард хонимнинг юраги хасталигини ҳамма билар эди, шунинг учун эрининг ўлими ҳақидаги хабарни унга эҳтиёткорлик билан етказишга ҳаракат қилинди.
Бўлган воқеани унга синглиси Жозефина айтиб берди. У гўё ҳақиқатнинг бир қисмини очиб бераётгандек, жуда ноаниқ, чалкаш-чулкаш, тутилиб, нозик шаъма билан гапирди. Жозефинанинг ёнида поезд ҳалокати ҳақидаги хабар келган вақтда газета таҳририятида ишлайдиган унинг дўсти Ричардс турарди. Ўлганлар орасида биринчи бўлиб Брэнтли Мэлларднинг исми қайд этилган. Хабар тасдиқланиши учун Ричардс иккинчи телеграммани қабул қилиб олди ва қайғули хабарни ундан олдин ғамхўр ва сезгир бошқа биров етказмаслиги учун дарҳол Мэллардлар уйи томон шошилди.
Мэллард хоним қайғули хабарни бошқа аёлларга қараганда ўзгача қабул қилди – у оғир жудоликдан донг қотиб қолди. Ўзини тия олмасдан бошини синглисининг елкасига қўйиб, йиғлаб юборди. Кўз ёшлари тугагач, у ёлғиз қолишни исташини айтиб, хонасини ичидан бекитиб қўйди ва лоҳасгина очиқ дераза ёнидаги катта, қулай курсига чўкди. Бахтсизлик унинг бутун танасидаги қонини қочириб юбориб, қалбига писиб кираётандек бўлди.
Эртабаҳор ҳаётида дераза ташқарисидаги ёпиқ майдонда дарахтлар қайта туғилаётганди. Ёмғирдан кейинги ҳаво ёқимли ва тоза эди. Пастда, деразалар остида кўча сотувчиси харидорларни чақирар, узоқдан аллақандай қўшиқнинг майин садолари эшитилар, томда сон-саноқсиз чумчуқлар чийиллашарди.
У бошини курси суянчиғига қўйганча қилт этмай ўтирди. Вақти-вақти билан томоғида бир нима тиқилиб келгандек бўлди ва бутун вужуди билан худди кун бўйи йиғлаган гўдак кечаси тушида титраб ухлагандек, ҳиқиллаб йиғлади.
У навқирон ва гўзал эди. Сокин чеҳраси одатда вазминликни, ҳатто қудратни ифодалаб турарди, лекин энди у музлаб қолди, кўм-кўк нигоҳи гўё мовий самонинг бир бўлагига ёпишиб қолгандек узоқларга қадалди. Фикр-хаёли тўхтаб қолди, бўм-бўш кўзлар пирпирамасдан бир нуқтага тикилди.
У қўрқув билан ўзига яқинлашаётган қандайдир тушунарсиз туйғуни кутарди. Бу нималигини унинг ўзи ҳам англаб етмади. Аллақандай нозик, тутқич бермас туйғу, уни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бироқ унинг ёндашувини аниқ ҳис қилди: мана у кўк осмон оралаб, дераза ташқарисидаги товушлар, атрофдаги ҳамма нарсани ортда қолдириб, сув босган баҳорнинг ҳидлари ва рангларидан ўтиб, унга яқинлашмоқда.
Нафаси чуқурлашиб, ҳаяжонланиб кетди. Ўзини қандай туйғу чулғаб олаётганини фаҳмлай бошлади, зўр ирода кучи билан уни бостирмоқчи бўлди, лекин бу уринишлар унинг оппоқ қўллари каби заиф эди.
Қаршилик кўрсатишни тўхтатгани билан бехосдан очиқ лабларидан битта сўз чиқиб кетди. У жимгина уни қайта-қайта такрорлади:
- Озодман! Озодман! Озод...
Бўм-бўш кўзларидаги милтиллаган қўрқув ўша заҳотиёқ тарқаб кетди. Уларда фикр уйғониб, жонли ёрқинлик пайдо бўлди.
Катта хурсандчилик уни тўлқинлантирганини тан олишга журъат эта олмади, бироқ соғлом ақл унинг иккиюзламачилик қилишига йўл бермади. Кўксида букланган меҳрибон, майин қўлларни, доим ўзига меҳр билан қараган юмуқ кўзларни, юзи тош каби оқарган ўликни кўрганида у албатта яна йиғлаб юборади. Аммо бу аччиқ дақиқалар ортида у бутунлай ўзига тегишли бўлиб қоладиган узун-узоқ йилларни кўрди. У янги ҳаётга қучоқ очди.
Энди у фақат ўзи учун яшайди. Гарчи бунга ҳақли бўлса-да, энди ҳеч ким унга қатъийлик билан эр ва хотинлар турмуш ўртоғларига ўз хоҳиш-иродасини юклаганидек, мажбурлаб бўйнига ортмайди, унинг истакларини назорат қилмайди. Бир лаҳзада бундай “зўравонлик”, ҳатто энг яхши ният билан қилинадиган бўлса ҳам, унга ҳақиқий жиноят бўлиб туюлди.
Ҳартугул у эрини яхши кўрарди – баъзида... Лекин энди бунинг нима аҳамияти бор! Бутун борлиғи билан орзу қилган эркинлик билан солиштирганда, севги нима ўзи? У бир очилмаган сир.
- Озодман! Қалбан ва руҳан! — пичирларди у тинмай.
Жозефина ёпиқ эшик ортида тиз чўкиб, калит тешигидан опасидан ичкарига киритишини илтимос қилди:
- Луиза, эшикни оч! Илтимос! Эшикни очсанг-чи! Нега ўзингни қийнаяпсан! Бир ўзинг нима қиляпсан, Луиза? Худо ҳақи, эшикни оч!
- Мени тинч қўйинг! Мен ҳеч ҳам ўзимни қийнамаяпман!
Ҳақиқатан ҳам у ўзини қийнамади - кўкрак кериб очиқ деразадан ўзига оби-ҳаёт сингдирди. Хаёллари ўрнини тасаввурига бўшатиб, келажакка саёҳат қилди. Баҳор, ёз – ҳамма нарса, энди ҳамма нарса унинг ўзига тегишли. У Худодан умрини узайтиришни ибодат қилиб сўради. Ахир кечагина у ҳаёт қанчалик узоқ эканлиги ҳақида даҳшат билан ўйлаганди.
Ниҳоят, у ўриндиғидан турди-да, уни безор қилган синглисига эшикни очди ва виқор билан хонани тарк этди. Унинг кўзлари тантанавор порларди. Опа-сингиллар қучоқлашиб зинадан пастга тушишди. Ричардс уларни пастда кутиб турарди.
Тўсатдан улар ташқаридан кимдир олд эшикни очаётганини эшитиб қолишди. Хонага Брэнтли Мэлларддан бошқа ҳеч ким кирмади. Йўлда унинг костюми бироз кир бўлиб қолган экан, у хотиржамлик билан қўлидаги сумка ва соябон тутганча кириб келди. Брэнтли ҳеч қачон фалокат ҳақида эшитмаган экан, чунки у бутунлай бошқа жойда эди. У ҳайрат билан уни кўриб чийиллаган Жозефинага, сўнг Луизани қалқон қилиш учун тез ҳаракат қилган Ричардсга қаради.
Ричардс улгурмади.
Шифокорлар Мэллард хоним қувончга бардош бера олмай, юрак ёрилиши натижасида вафот этганини аниқлашди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.