Мутолаа: Интеллект кучайтиргичи. Ҳикоя
Феликс Кривин
Профессор Лори шанба оқшомидаги чой ичиш анъанасида тўпланганларга шакар билан аралаштирилган ва чой билан ичиш мумкин бўлган кукун – инсон ақл-идрокини кучайтирувчи восита ихтиро қилганини эълон қилди.
Меҳмонлар кулиб юборишди, лекин чой берилганда ҳеч ким шакарга қўл теккизмади.
- Мен чойни шакарсиз ичаман, - деди адабиётчи Дауккенс. – Менинг ёшимда ширинлик камроқ истеъмол қилган маъқул.
- Рухсат берсангиз, чойни мен мураббо билан ичсам, - деди доктор Фрейд.
- Ҳарбий киши сифатида мен умуман чой ичмайман, - деди майор Стенли ва севимли ичимлигига ишора қилиб кулиб қўйди.
- Унда қаҳва ичамиз, - меҳмондўстлик билан таклиф қилди профессор Лори. – Унга ҳам шу воситадан қўшиб қўйганман.
Шундан сўнг аниқландики, келганларнинг ҳаммаси қаҳва чимайдиган бўлиб чиқди. Доктор Фрайд умуман қаҳва ичмаган, ёзувчи Дауккенс қон босими ошиб кетганлиги сабаб бир ойдан бери қаҳва ичмайди, ҳарбий хизматчи ҳам худди шу сабаб кечагина ўзига энди қаҳва ичмайман деб ваъда бергани, энди эса соғлиғини хафв остига қўйиб қайтадан бошламаслигини айтди.
- Яхшиси, шароб ичсак, - деди ёзувчи Дауккенс, бошқалар ҳам уни қўллаб-қувватлашди.
- Жуда яхши – мен унга ҳам шу воситадан қўшиб қўйганман. Уни татиб кўришингиз билан минг марта доно бўласиз.
Ёзувчи Дауккенс ғазабланиб кетди:
- Менга қаранг, профессор, - деди у. - Бизни аҳмоқ деб ўйлаяпсизми? Ёки бизнинг ақлий даражамиз сизни қониқтирмаяптими?
- Қўйсангизчи, Дауккенс, сизнинг ақлий қобилиятингизга асло шубҳам йўқ, лекин янаям ақлли бўлиш ҳеч қачон зарар бермаса керак.
- Балки оддий фуқаро учун зарар қилмас, аммо ҳарбий одамга... – деб хитоб қилди майор Стенли. – Сизнингча, полковник Бромли майорнинг ундан-да ақлли бўлишига тоқат қила олармиди? Ахир, тез орада мени ишдан бўшатишади-ку!
- Менинг асарларимни ўқимаслиги мумкин. Ўқувчиларим шунчаки мени тушунишни тўхтатадилар, - ёзувчи Даккенс хўрсинди.
- Албатта, - уни қўллади доктор Фрайд. – Агар одамни маймундан минг карра ақлли деб тахмин қиладиган бўлсак, мабодо мен ҳам ақлли бўлиб қолсам, одамлар назаримда маймундай туюлади ахир. Йўқ-йўқ менга шарт эмас!
- Сиз эса уларга ақлдан озгандай туюласиз ва улар сизни ўз клиникангизга қамаб қўйишади, - хохолаб кула бошлади майор Стенли. - Лекин шу билан бирга, тўртинчи йил биринчи синфдан чиқа олмаётган ўғлим учун бир чимдим кучайтиргич сўрасам, қандоқ бўларкан, деб ўйланиб қолдим. Тўғриси, у аллақачон ўзини ота-онасидан ҳам ақлли деб ҳисоблайди, бунинг устига бу бемаъни воситани ичиб қўйса...
- Худойим, - деб бошини чайқади профессор Лори. – Мен одамлар ҳар доим ҳаётдаги юзлаб хавф-хатарлар таҳдид қилишидан қўрқиб яшашини билардим, лекин ақлли бўлиш бу қадар хавфли деб ўйламаган эканман.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.