Мутолаа: Номталаш (Ҳажвия)

Ҳабиб СИДДИҚ
Ростини айтай: ҳажвияга "номталаш" деб сарлавҳа қўяйми ё "хомталаш", дейми… анча ўйландим. "Нега?" дейсизми? Келинг бир бошдан сўзлай…
Топоним комиссия раиси қон босими ошиб шифохонага тушиб қолгач, мана шу ташвишлар менинг бошимга тушиб турибди-да. Энди англаяпман, бечоранинг қон босими бекорга ошмаган экан. Биз мажлис куни келиб фалон кўчага фалон номни берайлик, деса бир овоздан маъқуллаб кетаверар эканмиз.
Эрталаб телефон жиринглаб олди.
- Маяковский кўчасига Шунқорий номини берайлик.
- Ким экан у Шунқорий?
- Туман рўзномасида шеъри чиққан маҳаллий шоир.
- Э-э, унақалар кўп.
- Бердисини айтгунча шошманг. Мардон Пардаевичнингхолаларини эри экан.
- Унақа бўлса каттароқ кўчага номини бериш керак, - дедим кесатиб.
Бу кўчага бошқа харидорлар ҳам бор, ўйлаб кўриш керак, - деди комиссия аъзоларидан бири эртасига йиғилганимизда.
- Мактабдагилар бир ўқитувчининг номини қўйсак деб таклиф қилишяпти.
- Ие, қўйсанглар-чи, нима, уларга кўча кўчада қоптими?
- Нима қилсак экан?
- Ҳайронман.
- Ўтирасизми, - деди битта шумроғи. - Ким ошди савдоси қилиб қўяқолмайсизми?
- Ҳозир ҳазилнинг вақти эмас, - дедим хуноб бўлиб. -Эртагача ўйлаб таклифларингни айтинглар.
Бекор қилган эканман. Эртасигача яна қанчаси бошимни қотирди.
- Битта қўчқорни боқиб қўйибман. Оёғингизнинг тагига сўяман, ака. Шу кўча қўлдан чиқиб кетмасин. Отамиз номини бердирсангиз биздаям қолиб кетмайди.
- Кўчанинг ўнг бетига битта, чап бетига бошқа ном берсак бўлмайдими-а? - дейди бошқаси тикилиб.
- Мен ҳал қилмайман. Бизнинг хулосамиз бир таклиф кучига эга холос, - дейман ҳолдан тойиб.
- Майли, сиз шу таклифни тўғриланг, у ёғигаям ўзимиз югурамиз.
- Ўзингиздан қолар гап йўқ, - деди хўжалик мудиримиз, ишдан қайтиш учун отланаётганимда. - Амакимиздан бирорта зурёд қолмади. Номи ўчиб кетмасин.
- Нима иш қилган экан? - дейман энсам қотиб.
- Ҳаммомда одамларни уқаларди…ҳалиги сизларнинг тилингизда… нима… ходимгар, дейдими?
- "Хизмат кўрсатган ходимгар" деган унвон-пунвони йўқмиди?
- Йўғ эди-я.
- Унақа бўлса, ҳаммомга номини бериш керак, - дедим ярим киноя билан.
- Яхши бўларди. Ўзимиз ҳам кўчага кучимиз етмайди, деб турибмиз.
- Кўнглим ғаш тортиб ишдан ҳориб қайтиб келаётсам, маҳалламиздаги тижорат дўкони олдига қўйилган ўриндиқда ўтирган Нурали мени кўриши билан ўрнидан туриб қўл чўзди.
- Яхшимисиз, ака. Шунақа, кеч қайтасизми? Қачондан бери кутиб ўтирибман-а?
- Тинчликми?
- Ҳа, тинчлик.
- Хў-ўш.
- Келинингиз яна бир ғалвани бошлаб ўтирибди. Қайнатамиз номини абадийлаштириш масаласи…
Томоғимга бир нима тиқилгандай бўлди.
- Бу ёғи сизга боғлиқ эмиш. Бир иложини қилинг, ака. Хотиннинг олдида тилимиз қисиқ бўлмасин.
Нима деб ғўлдираганимни ўзим ҳам билмайман. Уйга кирибоқ, совиб қолган овқатни апил-тапил тушириб, бошимни ўраб ётиб олдим.
…Тушимда ҳамма кўчалар, мактаблар, боғчалар, дала шийпонлари, тижорат дўконларига ҳам ном қўйиб бўлинганмиш. Марҳумлар қолиб, энди тириклар ўзларинингномлари бериладиган объектлар учун чопишаётган эмиш. Хўжаликнинг бўлимлари, бригада пайкаллари, фермалар, емакхоналар кимларнинг номида бўлиши аниқлаб бўлинганмиш. Фақат ном берилмаган битта симёғоч қолганмиш. Ким биринчи бўлиб етиб келиб, унга тирмашиб чиқса, симёғочга номи берилишидан хабар топган новчаю пакана, ориғу семиз, каттаю кичик, бою камбағал даъвогарлар чопиб боришаётганмиш. Симёғочга "Электр токи бор. Ҳаёт учун хавфли", деб ёзиб қўйилганмиш. "Ҳаётингизни суғурта қилдиришни унутмадингизми?", дебёзилган плакат кўтариб суғурта компанияси вакили йўл ўртасида турганмиш. Лекин даъвогарлар ҳеч нарсага эътибор бермай чопиб келиб, симёғочга тирмашаётган эмишлар…
Шу пайт бирдан симёғоч қарсиллаб йиқилиб , чарақлаб ўт чиқиб кетди. Чўчиб уйғониб кетдим. Бошим ванг ётгандим, радио дикторининг овози эътиборимни тортди. Тарихий шахсларнинг номларини абадийлаштириш тартиби ҳақида янги қарор чиқибди. Бизнинг комиссиямиз тарқатилиб юбориладиган бўпти.
Енгил нафас олиб, аста ўрнимдан турдим.