Мутолаа: Опа

Ҳикоя

 - Опажон, ассалому алайкум, хуш келибсиз! – Ноила ёш гўдакдай эркаланииб, югуриб келиб, Ҳусниянинг бўйнига осилди. - Соғиниб кетдим, опажон!

Димоғига қимматбаҳо «духи» ифори урилди. Бармоқларидаги тилла узуклар, қулоғидаги тилла зираклар ялт-ялт товланиб, кўзини куйдирди.

- Ва алайкум ассалом, мен ҳам сени соғиндим, синглим. Бўлди, бўлди, ёш болалигинг қолмабди-да! – Ҳусния бурнини жийириб, пардоз-андоз чапланган бетидан чўлпиллатиб ўпаётган Ноилани ўзидан нари итарди. – Ҳалиям эркалигинг қолмабди.

- Ахир, ўзимнинг яккаю ёлғиз опажонимсиз-да, – Ноила дарров ишком остидаги чорпояга кўрпача ёзиб, опасини ўтқазди. Дастурхон ёзиб, чой дамлаб келди. У хурсандлигидан ўзини қўярга жой топмасди. Опаси билан кўришмаганига анча бўлганди.

Ҳусниянинг турмушдан омади чопмади. Биринчи эри билан чиқиша олмай, битта қизи билан ота уйига қайтиб келди. Иккинчи турмушидан ҳам ёлчимади, эри бир ўғли билан ташлаб, аллақайси чет элга ғойиб бўлди. Ҳусния тақдирнинг бундай шафқатсиз зарбасидан унчалик эсанкираб қолгани йўқ. Ҳусни исмига монанд эди. Икки фарзандини онасига ташлаб, хорижга серқатнов бўлиб қолди - бизнес билан шуғулланар эмиш. Шу боис Ноила уни икки йилдан буён кўрмаган эди.

Ҳусния шодликдан чеҳраси ял-ял ёниб, қозон-ўчоққа уннаб кетган синглисининг дуркун гавдасига суқ билан қаради: «Ёмон эмас, сал ясан-тусан қилинса, нақ маликага айланади, яхшигина пулга сотса бўлади». У сумкачасидан атир-упа, ойнача олиб, юзи, лаби, қош-кўзининг пардоз-андозини янгилаган бўлди. Эскироқ, пастроқ бўлса-да, яп-янгидай таъмирланган уйга, мевали дарахтлар, турли сабзавот қулф уриб, яшнаб турган ораста ҳовлига кўз югуртирди – жаннат, жаннат. Унинг ғайирлиги келди. «Нега мен шундай яшолмадим?».

- Опажон, узр, мана энди ош дам егунича мириқиб дийдорлашамиз. Сизни бирам соғиндимки, болалигингиз эсингиздами? Қандай бахтиёр эдик. Аямдан сўрасам, чет элда экансиз, қўнғироқ қилиб, ҳеч тушолмаётган экан.

- Биламан, атайлаб телефонни кўтармадим, - деди Ҳусния лабини буриб. - Нуқул болаларимга қараётганини миннат қилади, минғирлаб. Устларини бутлаб, ҳеч нарсага зориқтирмай, жарақ-жарақ пул бериб қўйган бўлсам, оғирликлари тушмаяпти-ку онамга, тавба!

- Қўйинг, опа, онажонимиздан хафа бўлманг, отамнинг вафотидан кейин бироз инжиқроқ бўлиб, тез-тез тоблари қочиб, ётиб қоляптилар. Фарзандларингиз гапларига кирмаётганидан хафа. Эрталаб мактабга боряпмиз, деб кечаси алламаҳалда қайтишар экан. Қизингиз Лобар ҳали саккизинчи синфда ўқиётган бўлса-да, қош-кўзлари, лабини бўяб, тилла тақинчоқлар тақиб, худди келинчакдай бўлиб борармиш мактабга. Онамга ўқитувчилари «Набирангиз тенгдошларининг тарбиясини бузяпти. Бу йўлдан қайтаринг, охири вой бўлади», деганмиш. Укаси эса хонасига қамалиб олиб, кечаю кундуз компьютер ўйинидан бўшамайди. «Улар мени гўрга тиқмасидан олдин опангнинг қўлига топширай, десам телефонини кўтармайди», дейди куйиниб.

- Кел, қўй, бу ғийбатларни, болаларим билан ўзим гаплашаман. Одамларга ҳам ҳайронсан, борингни кўролмайди, йўғингни беролмайди, - дея Ҳусния муддаога ўтди.

- Ҳозир сен билан валақлашиб ўтиришга вақтим йўқ. Шошиб турибман. Бир таклиф билан келувдим. Хўп, десанг кам бўлмайсан. Эринг шалоқ тракторини тариллатиб, қора мойга ботиб, бир ойда топган арзимас пулини бир кунда топасан. Танишимнинг тилла дўконида сотувчи бўлиб ишлайсан. Қачонгача гулдай жувон сочинг супурги, қўлинг косов бўлиб, чўрилик қиласан. Кийган кийимларингни қара, ҳозир бунақа матоҳларни гадолар ҳам киймайди. Хуллас, сени Дубайга олиб кетмоқчиман. Қарабсанки, икки йилда мана бу кулбанг ўрнида қаср қурасан маликалардай. Эринг шаҳзодадай, болаларинг бойвачча бўлиб яшайсанлар.

- Опа, қалай бўларкин, мен шундоқ ҳам ҳаётимдан мамнунман. Гулдай фарзандларим, меҳрибон умр йўлдошим бор, рўзғоримиз, устимиз бут, бахтиёр яшаяпмиз, - деди Ноила ўйланиб.

- Кўряпман қандай яшаётганингни. Нима, болаларинг ўқиб, академик бўлармиди?! Нари борса, сенга ўхшаб уй чўриси, отасига ўхшаб тракторчи бўладида...

Ноила гўдаклигида опаси билан ўтган шўх-шодон, аҳил-иноқ, бахтиёр дамларини кўз олдига келтирди. Ҳусния уни опичлаб, елкасидан туширмасди. Ҳозир рўпарасида ўтирган аёл сира ўша Ҳуснияга ўхшамасди. Совуқ боқишларида қандайдир ғайирлик акс этар, опалик меҳридан асар ҳам йўқ эди.

- Тезроқ бир қарорга кел, уч кундан кейин Дубайга кетамиз. Эрингга яхшилаб тушунтир, болаларинг катта бўлиб қолибди, отаси эплаб, қараб турар. Бир-икки йилда соғиниб ўлиб қолмас. Пул юбориб турасан, келиб кетасан. Ҳозирча бориш харажатларинг менинг ҳисобимдан. Пул топганингдан кейин қайтарарсан, - Ҳусния ўрнидан турди. Сумкадан 100 доллар олиб, дастурхон четига қўйди.

- Болаларингга бирор нарса олиб берасан, вақтим зиқлигидан шошиб, совға-салом олишга улгуролмадим. Хайр, жавобингни кутаман!

Ноила опасини кузатиб қайтгач, қизиқиш билан у қолдирган долларни қўлига олди: «Айрим одамларни оҳанрабодай ўзига тортиб, оромини ўғирлаб, тўғри йўлдан оздираётган пул шу қоғоз экан-да!». Кейин ифлос нарсани ушлагандек, ҳазар билан кўрпача тагига тиқиб қўйди.

Ноила келин бўлиб тушганидан буён бир-икки марта келиб, кейин қадами узилиб кетган опаси уни соғинганидан келмаганини англади. Унга гулдай оиласи, она Ватанини ташлаб, ажнабий юртларда ҳаром йўл билан пул топишга ундагани ғашини келтирди. Кечгача қўли ишга бормай, кўнгли ғаш бўлиб юрди. Худди оиласини, жондан азиз болаларини кимдир тортиб олаётгандай фарзандларини бағрига босиб, хомуш ўтирди. Улардан, меҳрибон турмуш ўртоғидан уни жудо қилишларига йўл қўймайди. Юраги титраб кетди: «Йўқ, йўқ! Ҳеч қачон, ҳеч қачон!».

- Онаси, мен келдим, - кечқурун одатдагидек ширинликлар кўтариб, эри кириб келди. - Ау, болалар, қаердасизлар, дадангиз келди. - У югуриб келган қизалоғи ва ўғилчасини даст кўтариб, бағрига босди. Уларнинг бахтиёрлигини кўриб, Ноиланинг кун бўйи қийнаган ғашлиги ёзилди. Эрига опаси келганини айтди. Аммо унинг таклифи ҳақида лом-мим демади. Уни деб меҳр-муҳаббат, оила, фарзандлар шодлигидан мосуво бўлишни истамади.

Ҳусния айтган муддатида синглисидан тайинли жавоб ололмагач, «Яқинда яна келаман, бир қарорга келиб қўй», деб жўнаб кетди. Аммо аэропортда уч-тўртта Ноилага ўхшаган қиз-жувонларни йўлдан уриб, ўзи билан олиб кетмоқчи бўлганида қўлга тушибди.

Ноила тўғри йўлдан озган опасига ҳар қанча ачинмасин, кўнгли хотиржам тортди: «Ишқилиб хатосини англаб, қамоқдан тавбасига таяниб қайтсин-да».


Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.

***

Бугун ушбу ҳикоя муаллифи – журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Тоғаймурод Шомуродов таваллуд топган кун.

Т.Шомуродов 1945 йил 16 октябрда Паст Дарғом тумани Жағалбойли маҳалласида туғилган. “Паст Дарғом ҳақиқати”, “Зарафшон” газеталарида фаолият олиб борган.

“Жоннинг ҳузури”, “Хотинидан қўрқмайдиган одам”, “Осмон қулаган кун”, “Замин фарзанди”, “Кечиккан узр”, “Мунгли кўзлар” каби китоблари нашр этилган.

Фурсатдан фойдаланиб, устоз ижодкорни таваллуд айёми билан қутлаймиз, узоқ умр, ижодий баркамоллик тилаймиз.