Нурободлик масъулларнинг масъулиятсизлиги ёшлар муаммоси ҳал этилмаслигига сабаб бўляпти

Бундан икки ярим йил аввал ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган Нуробод тумани ёшлари билан боғлиқ “эски ноутбук” воқеаси ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

Ўшанда вилоят ҳокими бундай ачинарли ҳолатдан масъуллар хулоса чиқариши лозимлигини айтган, айрим мутасаддилар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди. Афсуски, туманда бугун ҳам ёшларга эътибор суст эканлиги маълум бўляпти.

Жорий йилда ўтказилган хатлов натижаси ва шакллантирилган “ёшлар баланси”га кўра, тумандаги 41 минг 732 нафар ёшнинг 29 минг 553 нафари “яшил”, 12 минг 179 нафари “сариқ”, 604 нафари эса “қизил” тоифада эканлиги аниқланган. Шундан келиб чиқиб, 604 нафар оғир тоифадаги ёшга 23 нафар масъул, 16 минг 463 нафар оталиққа олинган ёшга эса мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот органларининг 44 нафар ходими бириктирилган.

Айнан шу масала бўйича яқинда олиб борилган назорат тадбирлари натижасига кўра бир қатор камчиликлар аниқланган ва бу вилоят ҳокими иштирокида ўтказилган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди.

Масалан, Олға, Нурафшон ва Саҳоба маҳаллаларига бириктирилган туман қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан оталиққа олинган ёшлар билан 2 ойдан бери умуман учрашувлар ўтказилмаган.

Мажбурий ижро бюроси туман бўлими раҳбари ўзига бириктирилган Омондара маҳалласида оғир тоифадаги 11 нафар ҳамда ишсиз 8 нафар ёш билан ўтган 9 ой давомида бир марта ҳам учрашмаган.

Жарқудуқ маҳалласига бириктирилган туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари ҳам 9 нафар оғир тоифадаги ҳамда 14 нафар ишсиз бўлган ёшнинг ҳолидан хабар олмаган.

 

Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири ўзига бириктирилган Машъал маҳалласида яшовчи 21 нафар ёш билан, Халқ банки туман филиали бошқарувчиси Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи 5 нафар ёш билан учрашмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, оталиққа олинган ёшларга бириктирилган туман адлия, ички ишлар бўлимлари ва миллий гвардия ходимлари томонидан ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича семинарлар, маънавий-маърифий тадбирлар, танлов ва мусобақалар ташкил этилмаган.

- Маҳалламизда яшовчи “қизил” тоифадаги ёшлар билан учрашиб, муаммоларига ечим топишда уларга яқиндан кўмаклашиш учун туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири бириктирилган эди, - дейди Машъал маҳалласи ёшлар етакчиси Ойбек Абдуғаниев. – Унинг ўрнига бўлим ходими келиб, ёшлар билан учрашди, аммо натижа кўзга ташланмади. Йиғилишда вилоят ҳокими шу масалани ўртага ташлагандан кейин Латиф Каримов келиб, ўзига бириктирилган ҳар бир ёш билан учрашди ва уларнинг муаммоларини тинглади.

Шунингдек, йиғилишда таъкидланганидек, йил бошидан 748 нафар йигит-қиз “ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, 568 нафаригагина амалий ёрдам кўрсатилган.

- 2023 йилда 1720 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, барчасининг мурожаати қаноатлантирилган, - дейди туман ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Асомиддин Зиётов. – Жорий йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг 30 фоизи ҳали рўйхатдан чиқарилмагани рост. Бунга ёшларга субсидия асосида ускуналар олиб бериш учун маҳаллий бюджетдан орттириладиган маблағни шакллантириш, мурожаатларни жойига бориб ўрганиш, ер ажратишда аукцион билан боғлиқ бўлган тушунмовчиликлар сабаб бўлди. Бу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриляпти.

Йиғилишда “Ёшлар дафтари” билан ишлаш бўйича 9 та маҳалланинг рейтинг кўрсаткичи пастлиги айтилган.

- Вилоят ҳокими томонидан танқид қилинган 9 та маҳалланинг ёшлар етакчилари фаолияти ўрганиб чиқилди, - дейди Асомиддин Зиётов. – Бу етакчилар орасида ўтган икки ярим йиллик фаолияти давомида яхши натижа кўрсатган, вилоят ва республика танловларида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритганлари ҳам бор. Шунингдек, ёшлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўяётган етакчилар ҳам йўқ эмас. Масалан, замонавий технологиялардан фойдаланишда, онлайн платформалар билан ишлашда камчиликларга йўл қўяётган ва уларнинг шу каби хатолари сабабли ёшлар муаммолари ҳал этилмай қолаётгани учун Сарой ва Жом маҳаллалари ёшлар етакчилари вазифасидан озод этилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Машъал маҳалласи иккинчи бор тилга олинди. Яъни, “Ёшлар дафтари” билан ишлаш кўрсаткичи паст бўлган тўққизталикда айнан шу маҳалла ҳам бор эди.

- Фаолиятим танқид қилинганидан афсусдаман, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Ойбек Абдуғаниев. – Иш бошлаганимдан бери бирор марта камчиликка йўл қўймагандим. Шунинг учун бу ҳолатдан ҳайратландим ҳам. Нега, деган саволни бердим ўзимга ўзим. Чунки мен қайсидир ёшни "дафтар"га киритишдан аввал унинг имкониятларини ўрганаман. Масалан, 2023 йилда ишсиз ёш Шаҳзод Ўринбоев субсидия асосида ноутбук олиш учун “дафтар”га киритилишини ва келгусида автомобилларга компьютер диагностика хизмати кўрсатишини истаётганини айтди. У билан суҳбат қилганимда ҳали бу йўналишда ўқимаганлигини, аммо қизиқиши борлигини билдирди. Унга аввал “Мономарказ”да ўқиб келишини, кейин эса ноутбук учун субсидия ажратилишига кўмаклашишимни билдирдим. Шаҳзод аввал ўқиди, кейин “дафтар”га киритилиб, субсидия асосида ноутбук олишга эришди ва фаолиятини бошлаб, бугунги кунда ойига минг доллар атрофида даромад қиляпти.

Жорий йилда маҳалладаги 23 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган ва уларнинг 6 нафари “дафтар”да турганлиги учун йиғилишда танқид қилинганди.

- 6 нафар ёшнинг бирини ишга жойлаштириш натижасида "дафтар"дан чиқаришга эришдик, - дейди Ойбек Абдуғаниев. - Аммо 5 нафари субсидия асосида ускуна олиш мақсадида мурожаат қилгани учун бу масала ҳал этилмай турибди. Бу биргина мен фаолият олиб бораётган маҳалладаги эмас, туман миқёсидаги масала.

- Тикувчилик билан шуғулланиш учун 3 ойлик ўқув курсини тамомлаб сертификат олдим, - дейди Янгиқишлоқ гузарида яшовчи Тўлғоной Усанова. – Маҳалламиздаги ёшлар етакчиси маслаҳати билан субсидия асосида тикув машинаси олишим мумкинлигини эшитиб хурсанд бўлдим. Унинг ёрдамида “Ёшлар дафтари”га киритилдим. Мана, орадан 3 ойдан зиёд вақт ўтди, аммо ҳалигача менга ускуна берилмади.

Тумандаги масъуллар нега ўзларига бириктирилган ёшларга эътиборсиз эканлиги, нима учун “Ёшлар дафтари”дагиларга кўмак кўрсатилиши сустлиги бўйича туман ҳокимлиги мутасаддиларининг муносабатини билишни истадик. Афсуски, уларни иш жойидан топиш қийин бўлди. Туман ҳокимининг ўринбосари Сирожиддин Хўжамияров билан бир амаллаб телефон орқали боғланганимизда, у интервью беришни хоҳламади.

Туман ахборот хизмати раҳбари ҳам саволларимизга масъуллардан жавоб олиб беришнинг уддасидан чиқмади.

Хайриятки, кўрсатув каналимизга жойлангунига қадар, улар муносабат билдиришди.

- Оғир тоифадаги ёшлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйилган, - дейди берилган муносабатда Сирожиддин Хўжамияров. – Масъуллар бундан тўғри хулоса чиқариб, ёшлар билан учрашди. Уларга нисбатан чоралар кўриляпти. Шунингдек, туманда 84 нафар ёшга субсидия асосида асбоб-ускуналар етказиб берилмаган. Бу борадаям туман маҳаллабай ишлаш бўлими билан ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо бу муносабат ёшлар муаммоларига ечим дегани эмас...

Жасурбек ШУКУРОВ,

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.