Мутолаа: Қор одам (Ҳажвия)
Герберт КЕМОКЛИДЗЕ
Туман газетаси муҳаррирининг кабинетига катта жундор маҳлуқ тақиллатиб кириб келди. Тирноқлари ўсган оёқларини аста босиб муҳаррир столи ёнига келди-да, хижолат бўлиб жилмайди.
- Ўтиринг, марҳамат. Сизни кўрганимдан жудаям хурсандман!
- Ҳа, сиз мени биласизми, - таажжубланиб сўради баҳайбат маҳлуқ стул четига камтарона чўкаркан.
- Шубҳасиз, - хитоб қилди муҳаррир. – Сиз қор одамсиз!
-Тўғри, - меҳмон ҳайратга тушиб қалин соқолини силади, - Сиз мени илгари қаердадир кўрганмидингиз?
- Бўлмасамчи, - ғурур билан деди муҳаррир. - Нақ икки марта! Тоғда! Бир куни сиз мендан бир неча метр наридан ўтдингиз, аммо мен шохда эдим, сиз мени сезмадингиз.
- Демак, сиз менинг мавжуд эканлигимни биларкансиз-а, - сўради қор одам.
- Албатта-да, - жавоб берди муҳаррир.
Меҳмон яна соқолини силади.
- Нимага унда сиз мен ҳақимда бу ўйлаб топилган нарса, ҳақиқатда эса йўқ, деб ёздингиз?
- Жуда оддий. Вилоят газетасида сизнинг мавжуд эмаслигингиз ҳақида мақола босилган эди-да.
- Аммо, сиз мен объектив мавжудлигимни билардингиз-ку, - ҳайқирди қор одам ва муҳаррирга ҳайрон бўлиб боқди.
- Кўряпсизми, - тушунтирди муҳаррир, - бошлиқларнинг фикри ҳам объектив мавжуд. Модомики, раҳбарлар сизни объектив мавжуд эмас деб ҳисоблашаётган экан, сиз объектив эмас, субъектив мавжудсиз. Мана, агарда…
- Гапингизни бўлаётганим учун узр, - чидамади кор одам, - сиз менинг борлигим ҳақида мақола ёзишингиз керакка ўхшайди.
- Йўқ-йўқ, нималар деяпсиз, - қўлини силкитди муҳаррир. - Энди мутлақо мумкин эмас. Ахир, бу субутсизлик бўлади-да: бугун бир хил, эртага бошқача гапирсам. Агар вилоят газетасида…
- Кечирасиз, яна гапингизни бўламан, - мулойим таъзим қилди қор одам. - Мени кетадиган вақтим бўлди. Мен бу ерга сизнинг кўзингизни очиб қўйиш учун келувдим. Аммо, улар узоқдан туриб бошқарилар экан.
Муҳаррир қор одамни мулойим қучди, уни эшиккача кузатиб қўйди ва хайрлашар экан деди:
- Сиз мени кечирасиз-да, энди. Нимаям қилардик, мен шунақа субутли одамман-да!
Ҳабиб Сиддиқ таржимаси.