Мутолаа. Тошдевор ва антенна. Ҳажвия

Азиз Норқулов.

Уйдагиларни соғинсам ёки чўнтакда шамол айланиб қолса, дадамнинг қўл телефонларига қўнғироқ қиламан. У ёқдан чиройли овоз эшитилади: “Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида”. Ие, ҳар гал шу, кейинги пайтларда дадам ҳам…

Шундай дейману қишлоғимизда қўл телефонларининг антеннаси бировга тутқич бермаслигини яхши биламан. Битта ҳамқишлоғимиз уйига каттакон антенна ўрнатган экан, қариндош-уруғ, қўни-қўшни гаплашавериб, охири “банкрот” бўлибди. Шундан кейин “сотка” деганлари чиқиб, ҳамманинг оғзи қулоғига етди. Аммо бу янгиликнинг ҳам нағмаси кўп экан. Уйдагилар мен билан гаплашмоқчи бўлишса, антенна чиқадиган жой излаб, қирма-қир ошишади.

Бир гал одам хижолат тортадиган воқеа юз берган. Шаҳардан меҳмонлар келадиган бўлиб қолишди. Уйимизни аниқ билишмайди. Телефонда йўл кўрсатиб туришнинг иложи йўқ. Томнинг устига чиқиб, боғлангандай бўлдик, аммо гап гапга уланмади, узилиб қолаверди. Йўлга чиқишган экан. Машинага ўтириб, бир-икки қир ошиб, катта жарлик ёқасида кутиб турибмиз, қани энди кўрина қолишса. Телефон қилсак, нуқул “хизмат доирасидан ташқарида” деган гапни эшитамиз. Қош қорайганида уйга қайтсак, меҳмонлар етиб келиб, битта қўйни паққос тушириб бўлишибди.

Қишлоғимиз тоққа яқин эмасми, қўл телефонида росмана гаплашиб бўлмайди. Пастроқда яшайдиганлар мақтаниб қолишади:

— Бизнинг томда антенна тўла чиқади, мириқиб гаплашасан.

— Бизники қизиқ, ҳовлига чиқиб, катта харсангтош устига кўтарилсанг, шунақа тиниқ эшитиладики…

— Қўшнимнинг деворини тагига боришим билан антенна кўринади, сал қимирласанг йўқолади.

Қишлоққа борсам, энг аввало, шаҳарга телефон қилиш учун қаерда антенна яхши чиқишини билиб оламан. Шунақа уддабуронлар пайдо бўлибдики, қайсидир телефонга SМS юбориб, телефонларини қўлларида ўйнатиб, тўлқин тутишади. Бир гал қиш пайти, молхона томига чиқиб, тўлқин тутаётган эдим, оёқ қурғур сирғаниб, пастга шунақа шўнғидимки…

Қишлоғимизнинг ўртасида тошдан қилинган девор бор. Қир томонга ўтишга эринганлар, томга, дарахтнинг устига чиқолмайдиганлар шу жойга келиб, деворнинг устига турнақатор бўлиб тизилишади-да, шаҳарга, туман марказига, яна аллақаерларга қўнғироқ қилишади. Биров ҳингир-ҳингир қилади, бошқа биров томоғини қириб гаплашади. Берилиб кетиб девордан пастга қулаганлар қанча.

Мана, бугун ҳам дадамга телефон қиляпман. Пул тугаганига анча бўлди. Аммо боғланишнинг иложи йўқ. Нуқул: “Телефон хизмат доирасидан ташқарида” дейди қизи тушмагур. “Дадангиз тошдевордан анча узоқда” деса бўлади-ку? Ё қишлоқдошлар деворни бузиб, ўрнига замонавий телефон станцияси қуришаётганмикин-а? Шундай бўлиши ҳам мумкин. Ўтган гал борганимда қулоғимга чалингандай бўлувди. Шундай бўлса борми, роса мириқиб гаплашамиз-да…