Мутолаа хотирани мустаҳкамлайди, саломатликни яхшилайди
Китоб ўқиш – мияни ривожлантиришнинг энг кучли усули, қолаверса, китоб стрессдан 70 фоизгача халос бўлишга ёрдам беради. Китоб бизнинг тасвирий ва ҳиссий интеллектимизни яхшилайди, шунингдек, қариганда ҳам хотирани мустаҳкамлаб, турли хасталикларга чалинишга йўл бермайди.
Китобнинг бу каби ва бошқа фойдали жиҳатлари мамлакатимизда бугундан старт берилган китобхонлик ҳафталигида алоҳида тилга олинди. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур ҳафталик вилоят А.С.Пушкин номли кутубхонада, китобхонлар, зиёлилар, давлат ва жамоат ташкилоти вакилларининг йиғини, китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари билан бошланди.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев йиғилганларни ушбу байрам билан қутлаб, китобхонлик йил давомида ёшларнинг, умуман барчанинг кундалик юмушига айланишида беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
- Мазкур ҳафталик давомида китоб тарғиботи билан боғлиқ бир қатор тадбирлар, анжуманлар белгиланган, - деди вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Наргиза Саидмуродова. – Хусусан, бир қатор ижодкорларнинг янги китоблари тақдимотлари, “Мен ёқтирган китоб” номли челленж ва флешмоб, маҳаллаларда “Китобхон оила” танловлари, давра суҳбатлари ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган кеча, Абдулла Қодирий хотираси учун “Ўзбек романчилигининг қуёши” номли адабий анжуманлар ўтказилади. Тақдимотлар турли манзилларда, адабий давра сифатида ўтказилиши белгиланган. Хориж адабиётига қизиқувчилар учун Reading Friends, Endless Worlds каби давра суҳбатлари ташкил этилади.
Тадбир давомида “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раҳбари Х.Нуруллаев жамғарма томонидан “Неварамга китоб совға қиламан” номли акция ташкил этилгани ва мутолаа маданиятини тарғиб этишда нуронийлар фаоллигининг ошаётгани ҳақида гапирди. Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Келажак учун 35 китоб” номли акция эълон қилингани айтилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.