Наманганда «Дамас» ва «Исузу» тўқнашиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Кеча, 29 август куни соат 17:30 ларда Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани Наврўз МФЙда яшаган 52 ёшли А.А. бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашинасини Тегирмон МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Учқўрғон-Хақулобод» йўлида ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни эплай олмай йўлнинг қарама-қарши томонига ағдарилган.

Бу вақтда шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган Андижон вилоятида яшовчи 24 ёшли С.М. бошқарувидаги «Исузу» русумли юк автомашинаси унга келиб урилган.

Натижада «Дамас» автомашинаси ҳайдовчиси А.А. жароҳат олиб воқеа жойида, унинг икки нафар йўловчилари эса касалхонага олиб келинганида вафот этган.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.