Нарпайда Соҳибкор ва Бўстон обод қишлоқларга айланмоқда

Янгиариқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Бўстон қишлоғи туманнинг чекка ҳудудида жойлашган. Қишлоқда 253 та хонадон бўлиб, 1096 аҳоли истиқомат қилади.
– Қишлоқ аҳолисининг яшаш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди, – дейди Янгиариқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турғун Тўраев. – Ўрганиш давомида таъмирталаблиги аниқланган 213 та хонадоннинг 185 тасида ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари бажарилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 оила уйлари ҳомийлар томонидан таъмирланди. 3 та ноқонуний қурилиш бузилди. 1 километр масофада 380 дона арча экилди. Бу каби ишлар ҳали давом этмоқда.
Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, Бўстон қишлоғида ободонлаштириш ва бошқа ишлар учун жами 8 миллиард 957 миллион сўм маблағ йўналтирилади.
Соҳибкор маҳалла фуқаролар йиғинидаги Соҳибкор қишлоғида ҳам бу борада ишлар жадал давом этмоқда. Айни вақтда бу қишлоқда 168 та хонадонда 900 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.