Нарпайлик Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
Иккинчи жаҳон уруши ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан республикамизнинг барча вилоятлари, шаҳарлари, туман ва қишлоқларида буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонларга эҳтиром кўрсатиш анъанага айланиб бормоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ҳарбий хизматчилари ҳам савоб ишда ўз ҳиссалари қўшмоқдалар.
Улар самарқандлик фахрийлар, маҳаллий ёшлар, туман мудофаа ишлари бўлими ходимлари, маҳалла кенгаши фаоллари билан биргаликда Нарпай туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди.
Бугунги кунда Нарпай туманида ана шундай инсонлардан икки нафари қарилик гаштини суриб келмоқда. Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиб, уларга эҳтиром кўрсатишга бел боғлаган марказ ҳарбий хизматчилари Оқтош шаҳри Янгиобод маҳалласида яшовчи, 97 ёшли Тилов ота Худоёров ҳамда 96 ёшли Иброҳим бобо Абдуназаров хонадонига ногиронлар аравачаси ва эсдалик совғалари билан ташриф буюрди.
Ҳарбий оркестр жамоаси ва захирадаги подполковник Азимжон Боймуродов Тилов бобо ҳамда Иброҳим бобога уруш даврида машҳур бўлган «Катюша», «Прощание славянки» каби қўшиқларни ижро этиб беришди. Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари меҳмонларга фронт йўлларида босиб ўтган жанговар хотираларини гапириб берди. Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази шифокори отахонларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларнинг соғлиғи бўйича маслаҳатлар берди.
Тадбир якунида Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази бошлиғи, полковник Анвар Жабборов маҳаллий ёшлар билан биргаликда отахонлар яшаётган хонадон ҳовлисига мевали дарахтлар ўтқазди.