“Нархи” ошиб бораётган касблар

Дунё таҳлилчиларининг фикрига кўра, шу йилларда баъзи мамлакатларда пайвандловчи, электромонтаж устаси каби касбларга бўлган эҳтиёж бир неча каррага ошиб, уларнинг ойлик маоши офис ходимларидан кўра анча кўтарилиб кетган. Сабаби оддий, бу соҳага қизиқувчилар камайиб, ўзларини замонавий технологияларга “ураётган” ёшлар тобора кўпаймоқда. Аммо юқорида номлари келтирилган касбларга сунъий интеллект арашолмайди ва бу ҳунар инсон омилисиз амалга ошмайди.  
Самарқанд шаҳридаги 1-сон техникумида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови бу каби танқисликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сабаби, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низоми ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган техникум ўқувчиси, олий таълим муассасаси талабаси, фаол ёшлар ҳамда банд бўлмаган аҳоли вакиллари иштирок этди. Танловда 500 дан зиёд йигит-қиз электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника, тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик каби 10 та асосий йўналиш бўйича ўз билим ва амалий кўникмасини намойиш этди.

— Мазкур тадбир давлатимиз раҳбарининг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим тизимида касбий маҳорат мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида ташкил этилди, — дейди вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. — Ундан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шакллантиришдан иборат. Мусобақа жараёнида иштирокчиларнинг назарий тайёргарлиги ва амалий кўникмаси ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида холис баҳоланиб, энг юқори натижа кўрсатган номзодлар саралаб олинди.

Вилоят босқичи якунларига кўра, ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар танловнинг республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритади.

Бахтиёр МУСТАНОВ.