NASA марсоходи Марс атмосферасидан кислород олишга муваффақ бўлди

«Perseverance» («Қатъият») марсоходи биринчи марта Марс атмосферасидан кислород ажратиб олди, дея хабар беради АҚШ аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш Миллий бошқармаси (NASA).

Кислород чиқариш мосламаси MOXIE деб номланади. Тажриба давомида у соатига 6 граммга яқин модда ишлаб чиқарди. Ушбу миқдор инсонга тахминан 10 дақиқалик нормал ҳаётни таъминлашга етади. Умуман олганда, MOXIE соатига 10 граммгача кислород ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Қурилма функцияларини текширгандан сўнг, олимлар уни турли хил атмосфера шароитида синовдан ўтказишни бошлашади. 

Келажакда Марсда кислород ишлаб чиқариш технологияси астронавтларга сайёранинг ўзида ракета ёқилғиси ишлаб чиқаришга ёрдам беради, шунингдек уларга нафас олиш учун мос муҳит яратади, дея изоҳ берди NASA.

Аввалроқ NASA марслик «Ingenuity» ("Зукколик") вертолёт-дронининг иккинчи парвози ҳақида хабар берган эди. Дрон 5 метр баландликка кўтарилиши кутилмоқда. Биринчи парвоз пайтида у 3 метр баландликка кўтарилиб, у ерда 39 сония қолди.

Г.Холдорова тайёрлади.