Навоий — буюк шоир, давлат арбоби, иқтисодчи ва мутафаккир
Анъанага кўра, бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи эрталабдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи, шоирлар, талабалар ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.
Боғ марказида ўрнатилган Ҳазрат ҳайкали пойида буюк мутафаккир таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда Навоий ҳаёти, бой маданий мероси ва бугунги кунда ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида фикр юритилди.
Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди. Турли тилларда ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан Навоий сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Санага бағишланган тадбир вилоят мусиқали драма театрида "Назм ва наво" маърифий тадбири, концерт дастури ва мушоира кечаси билан давом этди.