Наврўз арафасида Самарқандда "Кабоб фестивали" ва катта кўпкари мусобақаси ўтказилади
Юртимизда баҳор бошланди. Янгиланиш, яшариш фаслининг дастлабки ойи байрамларга бой. Эрта-индин азиз ва мўътабар хотин-қизлар байрамини нишонлаймиз. Завқли кунлар Наврўз умумхалқ байрамига уланиб кетади.
Гарчи 21 март – Наврўз умумхалқ байрами куни ҳисобланса-да, бу қадимий, асл миллий байрамимиз баҳор нафаси сезилган кунларданоқ, қишлоқ хўжалик юмушларига киришилиши билан бошланади. Наврўз билан боғлиқ турли удумлар, анъана ва қадриятлар бўй кўрсатади.
Коронавирус пандемияси сабабли кейинги икки йилда бутун Шарқ мамлакатларида, жумладан юртимизда ҳам Наврўзни кенг нишонлаш имконияти бўлмади. Бугун вазият бироз барқарор бўлгач, байрамни умумхалқ сайли сифатида нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг қарори ҳам қабул қилиниб, тайёргарлик ишлари бошланди. Бу йилги Наврўз тантаналарини “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр муҳаббат ва қадр қиммат айёми” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонлаш белгиланди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Самарқандда байрамни муносиб нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар белгиланди
- Халқимиз Наврўзни йил давомида кутади, яхши кайфиятда, яқинлари, маҳалла-кўй билан нишонлашни истайди, – деди вилоят ҳокими. – Зеро, Наврўз ўзимизнинг шарқона янги йил, янгиланиш, меҳр-оқибат байрами. Бу йил вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларда Наврўзни умумхалқ сайли сифатида, халқимизга хос анъана ва қадриятлар асосида, қарорда белгиланганидек, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда нишонлаймиз.
Байрам тадбирларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маданий, маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олиниб, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам берилади, хайрия тадбирлари амалга оширилади.
Вилоятнинг асосий байрам тантаналари Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ва унинг атрофидаги Алишер Навоий, Камол Ота Турк кўчаларида ташкил этилади. “Мўъжиза” амфитеатрида бадиий дастур намойиш этилади. Бундан ташқари, Қорасув массиви, Кимёгарлар қўрғони “Нурафшон” санъат саройи, Фарҳод шаҳарчасида ҳам байрам сайиллари уюштирилади.
18 март куни Самарқанд шаҳрида “Кабоб фестивали”, 19 март куни эса Жомбой туманида улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказиш режалаштирилган.
Байрам муносабати билан бозорлар ва аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо-ярмаркалари ўтказилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва қишлоқларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари, “Маҳалламга ниҳол экаман!” акцияси амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, бу йил Наврўзни чинакам байрам сифатида кенг нишонлаш, янги йилни, янги деҳқончилик мавсумида эзгу ниятлар билан бошлаш кўзда тутилган.