“Нечун томошага бунчалар ўчсан?”
Очиғи, кеча тармоқда тарқалган Навоийдаги “самосуд” ва Тошкентдаги зўравонлик видеони кўриб, кечаси ухлолмадим, ҳисоби. Ҳозир ҳиссиётларни ошкор қилиб, қайсидир тарафни айблаш ёки муносабат билдиришдан йироқман. Шундоғам тармоқ турли таклифлар, тавсиялар, қарғишу ҳақоратларга тўлиб тошди. Қисқаси, мен ҳам зўравонликка қаршиман ва айбдор жазосиз қолмаслигини истайман!
Албатта, жамоатчилик бундай ҳолатларга ўз муносабатини билдириши, одамларнинг бефарқ эмаслиги яхши. Лекин, тўғриси, бундай кўришга инсоннинг асаби чидамайдиган видеотасвирларнинг яшин тезлигида тарқалиши одамзотнинг томошага қанчалик ўчлигини ҳам кўрсатади. Бундай видеоларни кўриб, ҳамияти, нафрати қўзийдиган, имкон қадар бундай иллатларга қарши курашишга интиладиганлар кўп. Аммо, кимнингдир таҳқирланиши, хўрланишини шунчаки қизиқиш юзасидан томоша қилувчилар ҳам бор. Ана шундай қизиқишлар ортидан қувиб, ўз ўқувчилари, обуначилари сонини оширишга интилувчилар ҳам.
Бугун ижтимоий тармоқда ҳамманинг тилидан, “аккаунти”дан тушмаётган мавзу бир кун, бир ҳафта, борингки бир ойдан кейин унутилади. Янги видео ёки мавзу эскисини сиқиб чиқаради. Лекин, бу “шов-шув” бир неча кун ҳамманинг эътиборида бўлган ўша “қаҳрамон” ва унинг яқинлари ҳаётида бу бир умрлик доғ бўлиб қолади. Чунки томоша қилаётганингиз кино эмас, мультфильм эмас, реал воқеа, тирик одамлар... бугун кимнингдир шармандали ёки аянчли ҳолатини шунчаки қизиқиш ёки эрмак учун томоша қилаётган одамнинг ўзи эртага унинг ўрнида бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Яна бир гап, кимдир ботқоққа қараб ойни кўрса, бошқа биров лойни кўради. Афсуски, шафқатсизлик, беадаблик акс этган тасвирлар кимнидир сергакликка ундаса, ундан завқ оладиган, шу усулларни қўллашга уринадиганлар ҳам топилади. Буни илгари турли кинолар, асарлар мисолида кўрганмиз. Яқинда бир номарднинг аёлига памперс едиргани шов-шувга айланганди. Кеча бунақа гап. Эртага бундан ҳам баттари чиқмайди деб ким айта олади? Ёхуд интернетда тарқалаётган “самосуд” ҳолатлари бир-бирининг ортидан “эргашаётгани” битта томоша бошқа бир ақли норасо учун “ибрат”, “мастер-класс” бўлиши мумкинлигини кўрсатмаяптими?
Бу билан бунақа мавзуларда умуман сукут сақлаш, бепарво қараш керак, демоқчи эмасман. Фақат одамларнинг ҳаёти, уларнинг бошига тушган савдолар, муаммоларни ҳал қилиш эмас, шу билан шов-шув кўтариш, шу билан кўпроқ эътибор тортиш, кўпроқ “лайк” тўплаш ёки шунчаки томоша ишқибозларига инсоф тилайман холос.
Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга, деганлар!
Рустам Жабборов.