Нега 536-йил ҳаёт учун энг ёмон йил бўлган?
Ўрта аср тадқиқотчиси Майкл Маккормикдан ҳаёт учун энг ёмон йил қачон бўлган деб сўрасангиз, у иккиланмай 536 йил деб жавоб беради. Вабо Европа аҳолисининг ярмини йўқ қилган 1349 йил эмас, ҳатто гриппдан 50 дан 100 миллионгача, айниқса, ёшлар вафот этган 1918 йил ҳам эмас. Айнан 536 йил.
- Европада инсон ҳаётининг энг ёмон йилларидан бири бўлган давр эди, - дейди Гарвард университети қошидаги «Инсон ўтмиши тўғрисидаги фан ташаббуси» етакчиси, тарихчи ва археолог Майкл Маккормик. - Сирли туман 18 ой давомида Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг баъзи минтақаларини ўраб олди. Византиялик тарихчи Прокопий Кесарийский бу ҳақда «Қуёш йил давомида ўз нурларини худди ой сингари хира ёритиб турарди». 536 йилнинг ёзида ҳарорат 1,5-2,5 даражага тушиб, энг совуқ ўн йилликни бошлаб берди. Ўша ёзда Хитойда қор ёғди, ҳосил нобуд бўлиб, одамлар оч қола бошлади. Ирландия солномаларида 536 йилдан 539 йилгача нон етишмаслиги тўғрисида хабар берилган. Сўнгра 540-541 йилларда Рим порти Мисрдаги Пелузий шаҳрида бубон вабоси касаллиги тарқалди. У «Юстиниан вабоси» деб номланган ва жуда тез тарқалиб, Византия империяси аҳолисининг учдан бир қисмини йўқ қилиб, империянинг қулашини тезлаштирган.
Олтинчи асрнинг ўрталари ўрта асрлар давридаги қайғули давр бўлгани тарихчиларга аён. Лекин уларни бир ярим йил давомида осмонни қоплаган сирли булутларни келтириб чиқариши мумкин бўлган нарсалар ташвишга соларди.
Яқинда Маккормик ва Мэн штати университети иқлим ўзгариши институти вакили Пол Маевски бошчилигидаги олимлар Ороно шаҳрида Швейцария музликларидан музнинг ўта аниқ таҳлилини ўтказиб, айбдорни аниқлашди. Ушбу ҳафтада ўтказилган семинарда сўзга чиққан тадқиқот иштирокчилари 536 йил бошида Исландияда шиддатли вулқон отилиши туфайли унинг кукуни Шимолий ярим шарнинг ҳар томонига сочилиб кетгани аниқланганлигини билдиришди. 540 ва 547 йилларда иккита янги кучли отилишлар юз берган. Ушбу табиий офатлардан сўнг Европага вабо келиб, қитъани иқтисодий турғунлик ҳолатига келтирди ва бу 640 йилгача давом этган. Шу билан бир вақтда яна бир сигнал Швейцария музликларида қўрғошин миқдори кўпайиши сабабли фаол равишда кумуш қазиб олинганлигини кўрсатди.
Ўрганишлар 1990 йилдан бери ўтказиб келиниб, дарахтларнинг йиллик ҳалқаси (қатлами) тахминан 536-540 йиллардаги ёз фасли ниҳоятда совуқ бўлганини кўрсатди. Олимлар ушбу совуқлик сабабларини излашга киришишди. Уч йил олдин Гренландия ва Антарктидадан қутбли музларнинг чуқур қисми бу ҳақда маълумот берди. Вулқон отилганда у олтингугурт, висмут ва бошқа моддаларни атмосферага отиб ташлар экан. У ерда улар муаллақ зарралар қатламини ҳосил қилиб, қуёш нурини қайтаради ва сайёрани совутади. Олимлар бу ҳолат ҳар 2500 йилда қайтарилиб туришини, 535 йил охири 536 бошида Шимолий Американинг бирон бир жойида портлаш содир бўлганлиги мумкинлигини тахмин қилишди.
Қандай бўлмасин, 536 йилдаги шамол ва об-ҳаво шунақа бўлганки, портлашдан чиққан судратма Европадан Жанубий-Шарққа ўтиб, кейинчалик Осиёга етиб борган ва ўзидан кейин совуқликни қолдирган.
Маевски ўзининг кўп тармоқли жамоаси билан биргаликда Швейцариянинг Алп тоғларида қалинлиги 72 метр бўлган музларни бурғулаш натижасида Сахарадаги чанг бўронлари ва Европадаги сўнгги икки минг йил давомида инсон фаолиятининг изларини топишди. Олимлар ушбу йўлларни янги ультра юқори аниқликдаги технология ёрдамида шифрлашди. Ушбу технология олимларга бўронлар, вулқонлар отилиши натижасида атмосферани қўрғошин билан ифлосланганини аниқлашга имкон берди.
Музликлардаги ўрганишлар шундан далолат бердики, 1349-1353 йилларда “Европа вабоси” эпидемияси даврида қўрғошин ҳаводан йўқолди. Бу эса иқтисодиётнинг тўхтаб қолишидан дарак эди.
- Биз экологик тадқиқотларни тарихий маълумотлар билан таққослаш имконига эга бўлиб, янги даврга чиқдик, - дейди Британиянинг Ноттингем университети ходими, археолог Кристофер Лавлак. – Бу келгусида кўплаб музликлар ортида яширинган археологик янгиликларни очишда ёрдам беради.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.