Нега мулкдорлар бошқарув сервис компаниялари хизматидан норози?

Сўнгги вақтларда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари (БСК) яна муҳокама мавзуларидан бирига айланмоқда. Биламизки, улар фаолиятининг асоси уйлар ва кўп қаватли биноларни бошқариш, яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш, жумладан, техник хизмат, санитария ва бошқа коммунал хизматларни ўз ичига олади.

Бироқ яқинда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, кўпчилик улар фаолиятидан қониқмайди.

“Бугунги кунда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари (олдинги ширкатлар) хизмати сифатини қандай баҳолайсиз?” деган савол билан ўтказилган ушбу сўровномада иштирокчиларнинг 58 фоизи “яхши эмас” деган жавобни белгилади. Атиги 17 фоиз қатнашчилар бошқарув сервис компаниялар ишини «қониқарли» деб ҳисоблаган.

Шунингдек, кўплаб ўқувчиларимиз изоҳларда БСКлар бўйича ўз фикрларини қолдирган. Улардан айримларини келтирамиз:

- Расулов: Қорасув массиви "Нур шарқ тес"дан аҳолининг асосий қисми норози.

- Ўктам: Рудакий кўчаси 105-уйда ширкат йўқ.

- Зоҳид: Мени домимни 1 ойдан буён тозаламайди. Самарқанд шаҳар Баҳор маҳалласи.

- Муроджон: Қорасув массиви "Нур шарқтес" ўта қониқарсиз, 3 марта сантехник чақирдим, бир марта ҳам келмади. Уларга тўловни нақдда қила кўрманг, квитанцияни сақлаб юрмасангиз, ҳеч қачон тан олмайди.

- Раъно Умарова: Ҳақиқатдан ҳам тизим йўқ умуман, вазифаси нимадан иборат эканлигини билмайди, передоплата турганига қарамасдан, қарздор қилиб келади, 1 йил олдинги ҳисоб-китобларни кўрсатиб, бу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш керак

Афсуски, бирор бир ўқувчининг БСК ҳақида ижобий муносабатини кўрмадик.

Самарқанд шаҳридаги "Фаровон қурилиш коммуналчи" БСК хизматидан фойдаланувчи мулкдорлардан бири биз билан мулоқотда юқоридаги фикрларни яна бир бор тасдиқлади: БСК томонидан қилиниши лозим бўлган ишлар бажарилмаган, ободонлаштириш йўқ, таъмирлаш ишлари мулкдорларнинг ўзлари томонидан қилинган, аммо бу ишларнинг сарф-харажатлари БСК томонидан қайта ҳисоб-китоб қилинмаган ва ўртада қарздорлик пайдо бўлган.

Самарқанд шаҳрида "Фаровон қурилиш коммуналчи" номи остида Бошқарув сервис компанияси фаолияти юритади. Лекин шаҳарда бу ташкилотни назорат қиладиган, тартибга чақирадиган ҳеч ким йўқ назаримизда. Сабаби, БСК раҳбарларининг айтишича, 2023 йил охирида Мирзо Улуғбек кўчасидаги уйларни қўшиб олган. Шу вақтда мулкдорлар йиғилиши ўтказилмаган, мулкдорлар билан шартнома тузилмаган. Шу вақтгача бирор марта мулкдорлар билан ҳисобот йиғилиши ўтказилмаган. БСК аҳолига ҳеч қандай маълумот бермасдан, ўз мажбуриятларини бажармасдан, тўлов қилишни сўрайди. Агар БСК уйда бирор бир иш қилса, ҳеч бўлмаса, атрофни супуриб қўйса, одамлар иккиланмасдан тўлов қилади...” дейди мулкдор.

"Фаровон қурилиш коммуналчи" БСК вакилларидан изоҳ сўраганимизда ҳақиқатан ҳам айрим мулкдорлар хизматдан рози эмаслиги, тез орада умумий йиғилишда барча масалалар биргаликда муҳокама қилиб олинишини маълум қилишди.

Ёлғон бўлмасин, Самарқанд шаҳридаги айрим БСКлар фаолиятини ўрганганимизда иш тўғри йўлга қўйилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бироқ кўп ҳолатда БСКлар фаолиятидан норозиликка дуч келдик.

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси назорат инспекцияси етакчи мутахассиси Ҳиммат Болиқулов юзага келаётган муаммолар, уларнинг сабаблари, БСК ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида шундай дейди:

- Бошқарув сервис компаниялари 2022 йилда ташкил этилиб, жойларда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, кўп хонадонли уйларни умумлаштирган ҳолда хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 49 та бошқарув сервис компанияси фаолият юритмоқда. Улар ичида ишини тўғри йўлга қўйганлари талайгина. Бироқ ҳали соҳани яхши англамайдиган, соҳада етарлича билим ва малакага эга бўлмаган шахслар ишлаётган БСКлар ҳам учрамоқда. Булар билан қўшимча ишлаш, тушунтириш олиб боришни йўлга қўйдик. Айрим ҳудудларда ҳозирда 17 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳам фаолият юритиб келмоқда. Чунки аввал бошдан кўрсатиб қўйилган: БСК ташкил этиш ҳам ширкатлар кўринишидаги хизматни сақлаб қолиш ҳам бу аслида мулкдорлар ихтиёрида. Шундай экан, мулкдорларимиз билишлари керак — агар БСК хизматидан уларнинг кўнгли тўлмаяптими, умумий йиғилишда раҳбариятни ўзгартириш, хизмат кўрсатишни қайта йўлга қўйиш, БСКни бошқасига алмаштириш, ширкатларга ўтиш, умуман, барча масалани ҳал қилишлари мумкин. Ҳатто мулкдорлар келишиб, уйни ўзлари бошқариб, хизмат кўрсатишлари ҳам мумкин.

Мутахассисга кўра, мулкдорларнинг ягона вазифаси бу бадал пулларини БСКларга вақтида тўлаб бориш бўлса, мазкур бадал ҳам айнан мулкдорлар билан умумий йиғилишда, йиллик харажатлар ҳисоб-китоб қилинган ҳолда белгиланади. Қайсидир ҳолатда бирор хонадон эгаси ўз ҳисобидан бинони таъмирласа, (масалан, бино томини таъмирлаш) бу пул албатта, БСК билан қайта ҳисобланиб, хонадоннинг бадал пулидан олиб ташланиши керак.

Мақолани тайёрлаш жараёнида тушунганимиз шу бўлдики, соҳада жуда кўп муаммони мулкдорларнинг умумий йиғилишларида ҳал қилиш мумкин. Агар БСКлар бу йиғилишни ўтказмаётган бўлса ёки «ўтказилди» дея расмийлаштирилган бўлса, бунга назорат органлари аралашишлари ва чора кўришлари лозим. Бир нарса аниқ: БСКлар мулкдорлар бошига мажбурий тайинланган раҳбарлар эмас, аксинча, улар мулкдорларнинг хоҳиш-истакларини ифодалайдиган ва умумий йиғилишларда раҳбар сайланадиган ташкилот. Мана шу ҳақиқатни мулкдорлар ҳам ва айниқса, БСКлар ҳам тўла тушунганида юқоридаги муаммолар юзага келмасди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.