Нега одамлар ис газидан заҳарланмоқда?

Самарқанд шаҳрида ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан худуддаги барча мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналар ва бошқа давлат, нодавлат муассасалари кўрикдан ўтказилмоқда.
Қишки мавсумда ёнғин хавфсизлигига жиддий ёндашиш, фавқулодда ҳолат юз беришининг олдини олиш, айниқса, ис газидан заҳарланишга йўл қўймаслик учун кенг қамровли тушунтириш ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Афсуски, газлаштириш идораси томонидан фуқароларнинг газ асбобларидан тўғри фойдаланиши бўйича тегишли ишлар олиб бормаётганлиги, аҳолининг яшаш уйларида газ ускуналари кўрикдан ўтказилмаётгани оқибатида турли кўнгилсиз воқеалар содир бўлмоқда.
Масалан, бир ой олдин Самарқанд шаҳридаги Фаровонлик маҳалласи, Зафар кўчасида яшовчи фуқаро Р.Г.нинг яшаш уйида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш туфайли болохона айвонида (балкон) алюмин ойнали дераза билан ёпилган профили, ваннанинг пластик шифти қопламаси узилиб тушган, дераза ойналари синган. Ачинарлиси, ҳодиса оқибатида фуқаро Р.Г. воқеа жойида вафот этган.
Воқеа тафсилотлари ўрганилганда, фуқаро Р.Г. бир кун олдин янги 4 “комфорка”ли газ плитаси ўрнатгани, ушбу газ плитасини резина шланг орқали улагани ва айнан шу жойдан газ сизиб чиққанлиги аниқланди.
2019 йилнинг 3 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Янги Ҳайравот маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.К. ва турмуш ўртоғи Д.В.ларнинг ис газидан заҳарланиши оқибатида фуқаро Ф.К. воқеа жойида ҳалок бўлган.
Воқеа тафсилоти ўрганилганда, фуқаро Ф.К. газ хўжалигидан фойдаланиш қоида талабларини қўпол равишда бузиб, барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, чет элда ишлаб чиқарилган, “Фиролли” русумли табиий газда ишловчи сув иситиш “колонкаси”нинг ҳимоя қопқоғини ечиб олиб қўйиб, фойдаланганлиги аниқланди.
Шунингдек, 2019 йил 4 ноябрь куни “Мотрид Агротех қурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг 4 нафар ёлланма ишчилари исиниш мақсадида лаганга чўғ солиб, ухлаб қолишгани оқибатида енгил ис газидан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Дилшод НАЖМИЕВ,
Самарқанд шаҳар ФВВ ЁХБ кичик инспектори, катта сержант.