Нега зилзила ҳалокатли бўлади? Ер қимирлашига сабаб нима? Зилзилалар қандай ўлчанади?
Туркиянинг Газиантеп ҳудудидаги зилзила кучи 7,8 баллни ташкил этди. Бу эса магнитуда шкаласи бўйича ҳалокатли дея баҳоланади. Унинг эпицентри нисбатан саёз - ер остида тахминан 18 километр чуқурликда жойлашган бўлиб, бу ер юзасида катта вайронагарчиликларга олиб келган.
«Сўнгги 10 йил ичида фақат иккита ва ундан олдинги ўн йилда яна тўртта шундай кучли зилзила бўлди», деб тушунтиради Лондон хавф ва офатларни камайтириш институти раҳбари, профессор Жоанна Фор Уокер.
«Туркия жануби ва айниқса, Сурияда инфратузилма барқарорлиги афсуски, бир текисда эмас. Шунинг учун айни пайтда ҳаётни сақлаб қолиш асосан тезкорликка боғлиқ. Кейинги 24 соат омон қолганларни топиш учун жуда муҳим. 48 соатдан кейин омон қолганлар сони кескин камаяди», деб тушунтиради мутахассис.
Қолаверса, бу ҳудудда сўнгги 200 йил ичида кучли зилзила кузатилмаган, шу боис тайёргарлик даражаси мунтазам ер силкинишига ўрганиб қолган ҳудудларга қараганда пастроқ.
Хўш, ер қимирлашига нима сабаб бўлади? Таъкидлаш лозимки, ер қобиғи бир-бирига маҳкам босилган тектоник плиталардан иборат. Кўпинча плита силжий бошлайди ва қўшни плита билан ишқаланиш унга тўсқинлик қилади. Босим кучайиб боради, бир пластинка тўсатдан жойидан силжийди ва ер сиртини ҳаракатга келтиради.
Юз берган ҳодисада шимолга қараб ҳаракатланаётган араб тектоник плитаси ҳаракатга келган ва Анадолу плитаси билан тўқнашган.
Плиталарнинг шундай ишқаланиши ўтмишда ҳам ҳалокатли зилзилага сабаб бўлган. 1822 йил 13 августда у Туркия ва Сурияда 7,4 магнитудали зилзилани келтириб чиқарган.
Шундай қилиб, ХIХ асрдаги зилзила минтақадаги шаҳарларга катта зарар етказган эди. Биргина Алеппо шаҳрида 7000 киши ҳалок бўлган, вайронкор тебранишлар деярли бир йил давом этган.
Ҳозирги зилзиладан кейин ҳам ўнлаб тебранишлар содир бўлди ва олимлар бу минтақадаги тенденция аввалги йирик зилзилага тенг бўлишини кутишмоқда.
Зилзилалар магнитуда ёки рихтер шкаласи бўйича ўлчанади. Бу ўлчов бирлиги америкалик сейсмолог Чарлз Рихтер номига қўйилган.
Ушбу шкалага кўра, одатда сезилмайдиган силкиниш 2,5 баллгача бўлади. Уларни фақат махсус асбоблар ёрдамида аниқлаш мумкин.
5 магнитудали силкинишлар сезилади ва кичик зарар етказиши мумкин. 8 дан юқориси ҳалокатли ҳисобланади.
2011 йил март ойида Япония қирғоқлари яқинида содир бўлган 9 магнитудали зилзила қуруқликда катта вайронагарчиликка олиб келган ва бир қатор улкан цунамиларни келтириб чиқарган эди.
Энг кучли 9,5 магнитудали зилзила 1960 йилда Чилида қайд этилган.
Зилзиладан қандай омон қолиш мумкин?
Зилзила вақтида хавф асосан бино қисмлари қулаши, ойна синиқлари, узилган электр симлари, хонадаги оғир жиҳозлар қулаши, ёнғин ва ваҳимадаги ноўрин хатти-ҳаракатлардан келиб чиқади.
Уларнинг олдини олиш учун зилзиланинг дастлабки дақиқаларидаёқ тезда ерга ётиш ва хавф манбалари - дераза, телевизор, шкаф ва бошқа оғир жиҳозлардан узоқлашишга ҳаракат қилиш лозим. Илгари кўп тавсия этилган бўлса-да, эшик остонасида туриш хавфдан сақлаб қололмайди. Аслида стол ости, хона бурчаги ёки ҳаммом хавфсиз жой ҳисобланади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.