Неварангизга қачон китоб олиб бергансиз?

Офтоб тиғида ерга кетмон ураётган ўғлига ачиниб, ундан салқин тушгунча ишини тўхтатишни  сўраган ота гапига қулоқ солмай, ишни давом эттирган ўғлига сабоқ бўлиши учун, уйга кириб икки ёшли неварасини кўтариб чиқибди.

- Бу нима қилганингиз? – ўғил кетмонни ташлаб отаси ёнига югурибди. – Болани офтоб урадику.

- Сени офтоб урмайдими? Ҳар қандай ота боласи учун қайғуришини тушунгандирсан, - деган экан ота.

Фарзанди тақдирини ўйлаган кексалар, албатта, неваралари қандай вояга етишига жиддий  эътибор беришлари керак. Нега? Чунки неваралар улғайгач, уларнинг зиммасига  ота-онага ғамхўрлик қилиш вазифаси тушади. Мактабдан келган невара билан шуғулланиш ёши улуғларимизнинг асосий вазифаси бўлса, улар бош бўлган оиланинг ва ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, халқнинг, юртнинг келажаги фаровон бўлади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, киши билиши мумкин бўлган нарсанинг фақат 5 фоизини ўрганиш, қолган 95 фоизини ўқиш орқали оларкан. Афсуски, мутолаанинг бундай катта кучга эга эканини бизда кўпчилик англаб етмайди. Китобга боғланиб қолиш кўникмаси қанча эрта шаклланса, самараси ҳам шунча тез кўзга ташланади. Шунинг учун болаларни боғча ёшидан китобга қизиқтириш вазифаси қўйилган. Уларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани шундан.

Фарзанди тақдирини ўйлаган кексаларимизнинг невараларига эътибор қаратиши лозимлиги сабаби шундаки, йиллар ўтгач, улар неварага суянишади. Агар у ёшлигида яхши билим олган ва ўзига маъқул ҳунарни эгаллаган бўлса, бу вазифани бажариш қийин бўлмайди, акс ҳолда муаммо гирдобига тушиши аниқ. Ҳар қандай мушкулотнинг ечими билимда.

Билим олиш учун эса болада китобга меҳр уйғотиш талаб этилади. Бу ишни бобо ва момолар ўз зиммасига олишлари ва бу хайрли ишни ҳар куни такрорлаш лозим бўлади. Бола мактабдан қайтиб, кийимини алмаштириб, овқатланиб олганидан сўнг, бобо ёки момо уни ёнига ўтқазиб, бугун ўқитувчиси унга нимани ўргатгани ҳақида сўраши керак. Бола қандай жавоб қайтармасин, уни руҳан рағбатлантириш, у энди улғайиб қолгани, дарсни яхши ўзлаштирса, ақлли бола бўлиши ҳақида доимий такрорлашни канда қилмаслиги керак.

Ўқитувчи ўтган дарсни бола билан, иложи борича, тушунтириб беришни боланинг ўзига қўйиб бериб, гўё унинг ўзи тушунтираётгандек тасаввур уйғотиб, у билан камида ярим соат шуғулланиш болани комил инсон бўлиб етишиши йўлида қўйилган бошланғич қадамдир. Ҳар куни такрорланадиган бу машғулот боланинг қийнаб қўймаслиги учун, уни албатта ёшига мос  эртак ўқиб бериш билан якунлаш лозим. Бола билан ҳар куни ўтказиладиган бу хайрли иш унга ўқитувчиси ўтадиган дарсларни диққат билан ўзлаштириш кўникмасини шакллантиради. Чунки мактабдан келганда ундан дарсда нимани ўрганганини сўрайдиган киши кутаётганини билади.

Болани китобга жалб қилишнинг яхши усулидан бири кутубхона. Отахону онахонлар мактабда ўқийдиган невараларини ҳафтада бир бор мазкур билим масканига олиб боришни одат қилсалар, келгусида неварада кутубхонага бориш кўникмаси пайдо бўлади ва бу эзгу амал бир умр уни тарк этмайди. Бу ерда хоҳлаган китобни топиш мумкин ва ундан фойдаланиш учун маблағ талаб этилмайди.

Боланинг китоб дўконига бориши ҳам унинг мутолаага бўлган қизиқиши ошишига сабаб бўлади. Ҳеч бўлмаганда, ойида бир бор болани китоб дўконига олиб бориб, унга ёшига мос китобни танлашга имконият яратиб берилса, беш йил ўтиб, у олтмишта китоб терилган жавон соҳибига айланади.

Бошланғич синфда ўқийдиган айрим болаларнинг ота-оналари билан фарзандлари учун дарсда берилган уй вазифасини бажаришга яратиб  берган ёки яратиб беришлари зарур бўлган  шароитлар ҳақида суҳбатлашсангиз, улардан бу борада мақтовга арзигулик гап эшитмайсиз. Чунки аксарият оилада уй бир неча хонадан иборат бўлса-да, бола учун алоҳида хона ажратиб берилмаган.

Ҳар бир ота-она болам учун яшаяпман, топганим болаларимники, дейди. Амалда эса айримлар айтганининг тескарисини қилишмоқда. У бугун яхши овқатланиши, яхши кийиниши, яхши таълим олиши лозим. Таълим фақат унинг мактабга бориб-келиши билан тугамайди, у дарсдан сўнг тўгаракларга қатнаши, қўшимча сабоқ олиши талаб этилади. Лекин аксарият ота-она фарзанд туғилиши билан дарҳол унинг яхши ўсиши учун пул сарфлашни эмас, эртаси учун пул жамғаришни ўйлайди. Тўй ташвиши билан яшай бошлайди. Хаёл осмонининг бир чеккасида эрта бир кун халқнинг олдидан ўтиш керак деган фикр чўғи шуъла сочиб туради. Халқнинг олдидан ўтиш эса, кўпинча ўзини, болаларини ейишдан-кийишдан тежаш ҳисобидан амалга ошади.

Хуршид Нуруллаев,

«Нуроний» жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси.