Никоҳ шартномасига келинлар кўпроқ қаршилик қилади
Бугунги жамиятда оила нафақат маънавий қадрият, балки ҳуқуқий муносабатлар тизими ҳамдир. Эр-хотин ўртасидаги ишонч, ҳурмат ва масъулиятни мустаҳкамлашда ҳуқуқий кафолатлар алоҳида ўрин тутади. Никоҳ шартномаси ана шундай муҳим ҳуқуқий восита сифатида оилаларни низолардан муҳофаза қилиш, мулкий муносабатларда адолатни таъминлашга хизмат қилади. Ушбу шартнома эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки ҳуқуқий онг, масъулият ва келажакка пухта тайёргарлик рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 29-моддасига мувофиқ, никоҳ шартномаси - никоҳланувчи шахслар ёки эр-хотин томонидан тузиладиган ва никоҳ даврида ҳамда никоҳ бекор қилинганда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи келишувдир. Шартнома шахсий муносабатларни, фарзанд тарбияси ва шахсий ҳуқуқларга дахлдор шартларни ўз ичига олмайди. У фақат мулкий муносабатларни тартибга солади.
Никоҳ шартномаси никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин. Агар никоҳдан олдин тузилса, у никоҳ давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб кучга киради. Шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.
Тарафларнинг ўзаро келишувига биноан шартнома ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси авваламбор оилада молиявий аниқликни таъминлайди, можароларнинг олдини олади.
Айниқса, тадбиркорлар, катта мол-мулкка эга шахслар ва иккинчи никоҳ тузувчилар учун бу шартнома муҳим ҳуқуқий муҳофаза воситаси ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси тўғри тарғиб қилиниши натижасида ҳозирги кунда аксарият ёшлар никоҳ шартномани тузмоқда. Тўғри, айрим ёшларимиз буни нотўғри талқин қилаётгани ҳам учраяпти. Энг қизиғи, аксарият ҳолларда келинларимиз никоҳ шартномасини тузишга розилик билдирмайди. Ваҳоланки, никоҳ шартномасининг мавжудлиги иккала томон учун ҳам бирдай муҳимдир.
Бундай ҳолатда биз никоҳ шартномасининг афзаллигини ёшларга тушунтирамиз. Шунинг учун биргина январ ойида ФҲДЙ бўлимимизда 38 та никоҳлар қайд этилиб, уларнинг орасидан 18 жуфтлик никоҳ шартномаси тузишни маъқул кўрди.
Инобат БОБОҚУЛОВА,
Самарқанд шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси.