ННТларга ажратилган маблағлар аниқ мақсадларга йўналтириляптими?
Вилоят Матбуот уйида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан жорий йилда ННТларига ажратилган давлат субсидиясининг сарфланиши бўйича мазкур ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ф.Тошев “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ҳамда Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилаётган маблағлар туфайли ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишига яқиндан кўмаклашиб келаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан улар фаолиятини қўллаб- қувватлаш мақсадида 2 миллиард 801 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилганлиги қайд этиб ўтилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциация вилоят бўлими (100,3 миллион сўм), Карлар жамияти вилоят бўлими (154 миллион сўм), Кўзи ожизлар жамияти вилояти, туман ва шаҳар бўлимлари (1 миллиард 295 миллион сўм), Ногиронлар жамияти вилоят, туман ва шаҳар бўлимлари (1 миллиард 251,4 миллион сўм) раҳбарлари субсидия маблағлари қандай мақсад ва йўналишларга сарфланганлиги хусусида ахборот берди.
- Яқинларгача ташкилотимиз аъзоларини турли соҳаларда фаолият юритишлари учун ёрдам кўрсатишда молиявий томонидан қўлимиз калталик қилиб келар эди, - дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Д.Пардаев. – Жорий йилда давлат субсидияси маблағлари ажратилиши билан бу муаммога ечим топилди. Эндиликда давлатимиз томонидан ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини кенгайтириш ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса имконияти чекланган фуқароларни ҳам бошқалар қатори иккиланмасдан ўзлари хоҳлаган соҳаларда тадбиркорлик қилишларига шароит яратиб бермоқда. Шу пайтгача жамиятимиз қошида 13 та корхона-ташкилот фаолият кўрсатган бўлса, жорий йилда давлатимиз қўллаб -қувватлаши билан уларнинг сони 21 тага етди.
Тадбирда давлат субсидияси ёрдамида билан ўз фаолиятини кенгайтиришни истаган жамият аъзолари ўзларини қийнаган саволларига мутасаддилар томонидан жавоб олди.