Нобель мукофотига номзод, 16 ёшли Грета Тунберг ҳақми?

Грета Тунберг бугун дунёда энг кўп муҳокама қилинаётган шахс. 16 ёшли мактаб ўқувчиси ғазаб билан дунё сиёсатчиларини атроф-муҳит муаммолари ҳақида ўйлаб кўришга чорламоқда. Дунё жамоатчилиги унинг фаоллигига ҳайратланмоқда.

Швециялик Грета Тунберг ҳар доим ўйчан ва бошқаларга ўхшамайдиган эди. Шифокорлар Гретага “асперг синдроми” хасталиги ташхисини қуйишган.

У 2018 йил август ойида кенг жамоатчиликнинг назарига тушди. Ўшанда қизча ҳар жума куни Парламент биноси ёнига келарди ва у ерда кечгача қолиб кетарди. Грета сиёсатчилар экология муаммолари билан шуғулланишни бошламагунларича, жума кунлари мактабга бормаслигини маълум қилди.

Грета Тунберг

Тез орада Грета бошлаган норозилик намойиши Швецияда ўтказилган энг кўп намойишлардан бирига сабаб бўлди. Қизнинг мактаб ташкил этган намойишини нафақат синфдошлари, балки бутун мамлакат бўйлаб катталар ҳам қўллаб-қувватлашди. Бироқ айримлар экология муаммоларини ҳал қилиш учун мактабга бормаслик нотўғри эканлигини таъкидлашди. Бунга қарамасдан, Гретани тўхтатишнинг иложи бўлмади.

2019 йилнинг март ойида Гретанинг номзоди Нобель мукофотига тавсия этилди. “Грета муҳим фаолият билан шуғулланмоқда ва сайёра муаммосига ўзининг ўлкан ҳиссасини қушмоқда”, деб таъкидлашди унинг номзодини тавсия қилган швециялик сиёсатчилар.

Грета жорий йилнинг 23 сентябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган БМТ саммитида иштирок этди. У дунё етакчиларига ғазаб билан “танбеҳ” берди.

У ушбу йиғилишнинг иқлим муаммолари ва ҳарорат ўзгаришларига бағишланган конференциясида спикерлардан бири сифатида иштирок этди.   Ўша вақтда уни Борис Жонсон (Буюк Британия бош вазири), Ангела Меркель (Германия канцлери) ва бошқа юқори даражали сиёсатчилар эшитди. Грета ўзининг оташин нутқида титраб чиққан овози ва кўзда ёш билан катта ёшдагиларга ва дунё етакчиларига нисбатан айблов ҳукмини эълон қилди.

Грета Тунберг

“Бунинг ҳаммаси нотўғри. Мен айни вақтда бу ерда бўлмаслигим керак. Мен океаннинг нариги тарафида мактабда бўлишим лозим эди. Сизлар келажак авлоддан умид қиляпсизлар (экологик муаммоларни ҳал қилишда). Қандай ҳаддингиз сиғди? Сизлар қуруқ гапларингиз билан менинг орзуларимни ва болалигимни ўғирладингиз. Одамлар жабр кўришмоқда, ҳалок бўлмоқда. Бутун бошли экотизим йўқ бўлиб кетмоқда, оммавий қирғин бошланяпти. Аммо сиз фақат пул ҳақида гапиришни ва доимий ўсаётган иқтисодиёт ҳақида эртаклар айтишни биласиз, холос. Қандай ҳаддингиз сиғди?!” деди Грета ўз маърузасида.

Шунингдек, Грета агар сиёсатчилар ҳозироқ сайёра манфаати учун ҳаракат қилишни бошламаса, келажак авлод уларни кечирмаслигини ва улардан нафратланишини таъкидлади.

Гретанинг чиқиши тугаши билан Германия канцлери Ангела Меркель у билан юзма-юз гаплашишга ошиқди. Аниқланишича, Германия канцлери Грета билан экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илк қадамларни муҳокама қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам четда қолмади. У бўлиб ўтган конференцияда иштирок эта олмади. Чунки у қўшни залда чиқиш қилаётган эди. Бироқ Гретанинг нутқи тўғрисида у ўзининг твиттер саҳифасида фикр билдирди: “У ёрқин ва мўъжизали келажак кутаётган жудаям бахтли қизга ўхшайди. Буни гувоҳи бўлиш жудаям ёқимли!”.

Кўпчилик бу фикрни масҳарали деб топди.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Грета фаолиятининг ортида турганларни танқид қилди: “Гретани одобли ва самимий қиз эканлигига ишончим комил. Аммо катталар ўсмир ва болаларни ҳаддан ташқари ҳис-ҳаяжонли ҳолатларга бошламаслик учун барча чораларни кўришлари керак. Ёшларнинг шахсини бузадиган кераксиз ҳис-туйғулардан уларни ҳимоя қилишлари шарт. Ҳатто самимий мақсадларни кўзлаган тақдирда ҳам ёш болалар ва ўсмирлардан, қолаверса, етарлича қаттиқ ва ҳиссиётли йўл орқали фойдаланишни нотўғри деб ҳисоблайман”.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.