Ногирон кишида солиқдан имтиёз борми?

#Солиқдан_саволим_бор

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мол-мулки 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилган. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Боқувчисини йўқотганларгачи?

Жорий йил 1 январдан бошлаб боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинди.

Яъни, ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилаларга солиқ солишда ушбу имтиёз Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.

Яна бир имтиёз

Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан, уй хўжалигида деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадлар бўйича имтиёз берилган бўлиб, бунда мазкур даромадлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилмайди.

Орзу Насимов,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари.