Ноқонуний тонировка учун 5 миллион сўм жарима
Кўпчиликнинг хабари бўлдими ёки йўқ 2 кун олдин кучга кирган қонунга биноан, махсус рухсатномасиз машинаси ойналарини тонировка қилган ҳамда ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган (масалан, орқа ён ойналарга пардалар) бўлса, жарима жазоси ЭКИҲ 25 баробари (5 млн сўм) этиб белгиланди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.
Илгари ушбу иш учун жарима миқдори атиги ЭКИҲ 1 баробари (202 730 сўм) эди. Демак, жарима 25 баробарга оширилди.
Худди шу қоидабузарлик маъмурий чора қўлланилгандан сўнг бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори ЭКИҲ 40 баробари (8,1 млн сўм) этиб белгиланди. Аввал 2 “минималка” (405 минг сўм) эди.
Бундай жарима тўламаслик учун махсус рухсатнома асосида орқа ойнани 95 фоизгача, орқа ён томон ойналарини 70 фоизгача қорайтиришингиз мумкин, лекин бунинг учун жисмоний шахслар ЭКИҲ 90 баробари (18,2 млн сўм), юридик шахслар учун 120 баробар (24,3 млн сўм) тўлаши керак. Ва бу тўлов фақат 1 йил учун. Кейинги йил учун яна шунча тўлов қилиш лозим бўлади.
Қонунчиликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун бунақа катта жарималар унча кўп эмас. Келинг уларни кўриб чиқамиз:
25 баробар миқдорида (5 млн сўм):
- 1 йилда 3 мартадан кўп белгилангандан 20 км/с тезликни оширса;
- 1 йилда 2 мартадан кўп белгилангандан 20-40 км/с тезликни оширса;
- 1 йилда такроран белгилангандан 40 км/с дан ортиқ тезликда юрса;
- алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда машина бошқариш;
- маст шахсга машина бошқаришни топшириш;
- ойналарни берухсат тонировка қилиш ёки ён ойналарга парда ўрнатиш.
30 баробар миқдорида (6 млн сўм):
- транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахснинг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши;
- йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши.
40 баробар миқдорида (8,1 млн сўм):
- транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахснинг маст ҳолда машина ҳайдаши;
- 1 йил ичида такроран ойналарни берухсат тонировка қилиш ёки ён ойналарга парда ўрнатиш.
Ортиқча изоҳ бермоқчи эмасман, қоидабузарликларнинг хавфлилик даражасини солиштирингда, ўзингиз учун хулоса қилиб олаверинг.
P.S.: Кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси бизнинг шароитга тўғри келмаслиги ҳақида гап кетганда қуёшли юрт эканлигимиз, айниқса, ёз ойида кучли жазирама бўлиши алоҳида таъкидланмоқда.
Лекин кўпчилик жазирама иссиқда машина салонини иссиқдан ҳимоя қилмоқчи бўлган ҳайдовчилар нима қилсин, 5 млн сўм жарима тўласинми ёки 18 млн сўмга 1 йиллик ҳуқуқни сотиб олсинми, демаяпти.
Ижтимоий тармоқларда кундузи чироғини ёқмаганлиги учун 101 минг сўм жаримани “отнинг калласидай” деб баҳолашяпти, унақада орқа ён томонига чий парда ёки дарпарда ўрнатганларга 5 млн сўм жаримани ниманинг калласига ўхшатса бўлади? Кит ёки филникигами?
Депутатлар бу ҳақида ҳам ТВда гапиришармикин, шунчаки қизиқ...