Нуқтаи назар: Йўқолиб бораётган спорт тури — Автоспортга қизиқиш катта, соҳага эътибор керак

Юртимизда спортга эътибор ҳар қачонгидан кучайди. Спортчиларимиз кўплаб спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда ватанимиз байроғини юксакларга кўтармоқда.

Лекин, назаримда, автокросс эътибордан четда қолмоқда. Ўзбек автоспортининг шонли тарихи бор, бугуни ҳам бор, лекин келажаги савол остида қолмоқда.

Автокросснинг мақсади ва вазифаси Ўзбекистонда автомобиль спортини оммавийлаштириш, автомобиль спорт тадбирларини ўтказиш орқали ёш авлодни спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва ушбу спорт турини тарғиб этиш, спортчиларнинг маҳоратини ошириш, мутахассисларда спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажрибаларини орттириш.

Автоспорт ҳарбий-техникавий йўналиш бўлгани учун мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига берилган. Шу ташкилотнинг саъй-ҳаракати билан, балки иш режаси асосидадир, мусобақалар ўтказилмоқда. Лекин борган сари спортчилар ҳам, спорт автомобиллари ҳам, томошабинлар ҳам камайиб бормоқда.

Ўзбекистон дунёдаги автомобиль ишлаб чиқарувчи саноқли давлатлар сирасига киради. Лекин энг оммабоп, энг ҳаяжонли автоспорт масаласида мақтаниб бўлмайди.

Автоспорт мусобақалари бир пайтлар халқ сайлига айланиб кетарди.

Ўзбекистонда автомотоспортнинг асосан тўрт тури – картинг, автокросс, асфальт трассада халқали қувишиш ва авторалли мусобақалари ўтказилади.

Автокросс Ўзбекистон бўйича фақатгина Жиззах шаҳрида Наврўзбулоқ тепалигида, асфальт трассада халқали қувишиш Тошкент вилояти Пискент туманида махсус қурилган бу трассада, авторалли эса йилда бир марта Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида, Орол денгизининг қуриган майдонларида ташкил этилади.

20 йиллар илгари Самарқанднинг Чўпонота тепалигида ҳам автоспорт ўтказиладиган жой (махсус  трасса) бор эди. Мусобақа кунлари бу ерга одам сиғмай кетарди. Ҳақиқий байрам, халқ сайли бўларди. Навбатдаги мусобақада ташкилотчиларнинг хатоси билан хавфсизлик чоралари кўрилмади. Томошабинларни ҳеч ким назорат қилмади ва улар “трасса” яқинига, жуда хавфли ҳудудга келиб олишди. Ва фожеа юз берди. Катта тезликда келаётган спорт автомобили бошқарувни йўқотди ва одамлар устига ўтиб кетди. Шу воқеадан кейин Чўпонота тепалигидаги махсус трасса ёпилди.

Кейин Хишрав қўрғони яқинидан жой берилди. Бу жой хавфсизлик талаблари тўлиқ жавоб берарди. Томошабинлар тепадан, хавфсиз жойдан томоша қиларди. Мусобақа эса пастликда бўларди. Бу ерда кўплаб мусобақалар ўтказилди. Кейин негадир бу жой ҳам ёпилди.

– Хишравдаги трасса бизга берилганда жуда хурсанд бўлгандик, – дейди Самарқанд автоспорт жамоаси устози Илҳом Обиджонов. – Спортчилар пул йиғиб таъмирладик, мослаштирдик. Кўп йиллар мусобақалар жуда ажойиб ўтди. Жамоамиз билан тренировка қилардик. Икки йил олдин бу трассани ҳам тадбиркорларга сотиб юборишди. Энди Тайлоқ туманидан автомактабга тегишли жой ажратилди. Лекин бу жойга ҳам анчагина пул сарфлаш керак, меҳнат қилиш керак. Шундай қилишимиз ҳам мумкин, лекин уни сотиб юборишса-чи, деган ҳадик бор.

Автоспортнинг ҳолсизланиб бораётганига яна бир сабаб бор. Спорт автомобиллари асосан спортчиларнинг ўз маблағи ҳисобига мусобақаларга тайёрланмоқда. Пули, моддий имконияти бор кишилар автомашина сотиб олиб, техник талабларга мос қилиб тайёрлайди. Бир-икки марта мусобақага қатнашади. Катта пул сарфлаб келиб, совриндор бўлса битта “Фахрий ёрлиқ” билан арзимас (чойнак-пиёла, пишириқ печи каби) совға олади. Кейинги мусобақага тайёрланишга унда хоҳиш ҳам, қизиқиш ҳам қолмайди. Шу сабаб автоспортга шижоат билан келиб астагина чиқиб кетадиганлар талайгина.

Фақатгина Мўйноқда йилда бир марта ўтадиган авторалли мусобақаларига давлат томонидан эътибор берилгани сабаб автомобиль, 10-20 миллион сўмлаб катта совринлар қўйилади. Айтганимиздек, бу мусобақа йилда бир марта бўлади ва ҳамма ҳам ғолиб бўлиб шароитини тўғрилаб ололмайди.

Бугунги автоспортда фақат фидойилар қолган. Улар тирикчилигидан ортганини спорт машинасига сарфлайди. Шунинг учун автокросс жамоалари айрим вилоятларда бор, холос. “Ватанпарвар” ташкилоти фақат мусобақага бориб келишга ёрдам беради.

20 йилдан бери автоспорт мусобақалари фақат Жиззахдаги Наврўзбулоқ майдонида бўлиб ўтмоқда. У ҳам бир йилда уч марта холос. Бошқа вилоятларда махсус “трасса” йўқ. Лекин трассанинг ҳам келажаги хавф остида. Тўрт томондан одамлар уй-жой қуриб келмоқда, майдон ҳар томондан қисқариб бормоқда.

Бу спортга эътибор керак! Ҳомий керак! Қани энди, ҳеч бўлмаганда айнан шу соҳага алоқадор автозаводлар, автосалонлар, транспорт вазирлиги, қолаверса “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” каби йирик компаниялар бу спортга қизиқиш билдирса. “Ватанпарвар” ташкилоти мусобақалар ташкил этиш билан шуғулланса. Ҳар бир вилоятда жамоалар шакллантирилиб, мусобақалар ўтказилса, яхши совринлар, пул мукофотлари қўйилса.

Автоспорт аслида автомобилларни реклама қилиш воситаси ҳам. Лекин бизда алмисоқдан қолган, бугун ҳеч қаерда ишлаб чиқарилмайдиган ВАЗ-2108 русумли автомобиллар ва ўзимизда ишлаб чиқарилган лекин аллақачон ишлаб чиқаришдан олиб ташланган “Нексия” русумли автомобиллар қатнашмоқда. “Ласетти” ёки ундан юқорироқ классдаги автомобиллар пойгаси ҳам ташкил этилса-чи?

Шунингдек, вилоятлардаги йирик саноат корхоналари, тадбиркорлар ўз жамоасини, ҳеч бўлмаганда битта спорт автомобилини тайёрлаб иштирок этса. Ёшлар ва спорт вазирлиги ташаббус билан чиқиб барча вазирликлар қошидаги спорт клублари тизимида автомотоспорт жамоалари тузилса.

Автоспорт ҳам миллионлар мухлислик қиладиган спорт тури ҳисобланади. Деярли барча давлатларда автокросс мусобақалари катта шов-шувлар билан ўтказилади. Бир пайтлар Ўзбекистон автоспортчилари Россия ва МДҲ давлатларидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган. Бугун ҳам спортчиларимиз халқаро мусобақаларда қатнашиши мумкин, таклифлар ҳам келиб турибди. Бироқ, маблағ масаласи ҳаммасини йўққа чиқармоқда.

Садриддин НАБИЕВ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.