Нур терапияси энди Самарқандда бажарилади
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали радиология бўлимида замонавий тиббий ускуналар ўрнатилиб, нур терапиясини амалга ошириш йўлга қўйилди.
– Бу – йигирма йил кутилган янгилик, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Миржалол Жўраев. – Сабаби – шифохонамизда собиқ иттифоқ даврида ўша пайтдаги жиҳозлар ёрдамида нур терапияси амалга оширилган, аммо бу кутилган натижани бермаган. Муолажа қўлда бажарилган. Бу бемор учун ҳам, тиббиёт ходими учун ҳам хавфли эди. Шу сабабли кейинчалик бу усулдан фойдаланилмаган. Беморлар даво муолажасини хорижда ёки Тошкент шаҳрида олишга мажбур бўлган. Табиийки, бу кўп вақт, маблағ талаб этган ва бунга ҳамма беморда ҳам имконият бўлмаган. Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволашда янги ёндашувлар жорий этилишини бошлаб берди. Ушбу йўналишдаги тиббий муассасалар фаолияти такомиллашди, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошди. Республика марказимиз ва унинг жойлардаги филиаллари замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди. Бунинг учун жуда катта маблағ ажратилди. Бизнинг филиалмизга ҳам 2 миллион евро қийматида масофавий ва ички нур бериш ускуналари харид қилинди. Чехияда ишлаб чиқарилган бу аппратлар юқори аниқликда ишлаши ва самарадорлиги катталиги билан ажралиб туради. Ўсманинг жойи, ҳажми, чуқурлиги, бошқа аъзоларга яқин ёки узоқлиги аниқланиб, шунга қараб масофадан ёки ички нур бериш амалга оширилади. Соғ тўқималарнинг нурланиши олди олинади.
Янги ускуналар хорижлик мутахассислар томонидан ўрнатилган бўлса-да уларни маҳаллий мутахассислар ишлатади. Филиал директорининг қайд этишича, кейинги уч йил давомида муассасанинг 20 нафардан ортиқ врач ва муҳандис физиклари Россия, Беларусь, Корея, Чехия, Венгрия ва бошқа давлатларда ўқиб, малака ошириб келган.
– Дунёда саратон хасталигини даволаш усуллари бир хил, яъни кимё ва нур терапияси ҳамда жарроҳлик, – дейди М.Жўраев. – Фарқи, замонавий тиббий ускуна ва етук мутахассисда. Шу пайтгача Самарқандда кимё терапияси ёки операция услидан фойдаланганмиз. Энди эса нур терапияси ҳам қўшилди. Демоқчиманки, юртдошларимиз саратонни даволаш учун катта маблағ сарфлаб хорижга боришларига хожат йўқ. Замонавий тиббий аппаратлар ҳам, малакали мутахассислар ҳам ўзимизда бор ва энг муҳими, бу иш ўзимизда давлат ҳисобидан амалга оширилади.
Беморга ножўя таъсир бўлмайди, Соғлом тўқимага тушмайди. Илгари бу ишни Тошкентга навбатда туриб бажарган ёки хорижга борган. Хорижда катта маблағ эвазига шу муолажани олган. Бизда эса бу иш давлат томонидан бепул амалга оширилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.