“Нурия”
Ожиз бандалармиз. Билиб-билмай кимнингдир дилига озор етказамиз, оғзимиздан ножўя сўз чиқади, қулоғимизга ёмон гаплар чалинади. Баъзан рўзадор бўлиб ҳам ёлғон гапирадиган, ўксик дилларга озор берадиганлар бор. Аммо шундай инсонлар борки, туғилганидан бери нурга беланган, чеҳрасида поклик, кўзларида беғуборлик жилваланади. Улар дунёга фаришта мисол келиб, шундайлигича кетадилар...
Ойша эрта тонг саҳарлик қилиш учун уйғонди. Тонг шу қадар мусаффо эдики, кўксини тўлдириб нафас олди. Ювиниб бўлгач, секин бориб онасини уйғотди.
- Жаннатим, саҳарлик қилиб олинг, ярим соат вақт қолди, - деди меҳр билан.
Жамила хола эринибгина ўрнидан турди. Ювиниб, қизи тайёрлаб қўйган сирчой билан саҳарлик қилди. Сўнг хавотир билан қизига қаради:
- Қизим, кўнглим ғаш. Ўзинг нимжон бўлсанг, қонинг кам. Рўза тутмай қўяқол. Қон босиминг тез-тез тушиб кетяпти.
Ойша майин жилмайди:
- Кўп ўйламанг, кучлиман. Яратганнинг ўзи мадад беради. Охиригача тутаман, - деди қатъият билан.
Она-бола бомдод намозини ўқиб, тонгни зикр билан қарши олишди.
Ойша бир йилдан бери араб тилини ўрганарди. Араб тилидан анча хат-саводи чиқиб қолганди. Эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлса-да, тақвоси, одоби билан кўпчиликнинг эътиборини қозонганди. Аёллар даврасида уни отинойиликка чақиришарди. Қишлоқда ҳамма уни яхши кўрарди. Чеҳрасидан нур таралиб турар, шу сабаб кўпчилик уни “фаришта қиз” деб атарди. Баъзилар “Нурия” дерди.
Ойша ҳақидаги гаплар қўшни қишлоқларгача ёйилди. Унга оғиз солиб келувчилар ҳам кўпайди. Охири ота-онасининг розилиги билан тақводор бир йигитга унаштирилди.
Кунлар ўтди.
Бир куни Ойша аёллар даврасидан қайтганда онаси ва бувиcи:
- Қандай бўлди давра? Чарчамадингми? - деб сўрашди.
- Бироз толиқдим, дам оламан, - деди ва хонасига кириб кетди.
Ўша тун у ғаройиб туш кўрди. Икки фаришта икки ёнидан ушлаб, уни бениҳоя гўзал боғга олиб киришди. У ерда унга оппоқ, ҳарир либос кийдиришди. Атрофни мислсиз мушк-анбар ифори тутган, турфа мевалар жилваланиб турарди. Ойша ўша боғда ҳузур билан сайр қилди.
Тонгга яқин уйғонди. Тепасида онаси ва бувиcи кўзида ёш билан туришарди.
- Қизим, қўрқитиб юбординг-ку бизни! - деди бувиcи.
Ойша табассум қилди.
- Хавотир олманглар, мен яхшиман, қаттиқ ухлаб қолибман.
- Бирон нарса ейсанми, болам? - сўради онаси.
- Йўқ, онажон. Қорним тўқ, - деди у сўлғинлик билан.
Сўнг ювинди, намоз ўқиди. Гўё яқинларини бошқа кўрмаслигини сезгандек, уларни бирма-бир бағрига босди. Укаларини эркалаб, меҳр билан юзларига термулди. Унинг чеҳраси ҳар қачонгидан ҳам нурли эди.
Ойша ифторликка яқин бувиcининг ёнига келиб ўтирди.
- Бувижон, кеча оқшом тушумда менга оқ ипак либос кийдиришди. Икки фаришта қўлимдан ушлаб олиб кетди. У ер шунчалар гўзал эдики, мушк-анбар ҳидлари таралиб турибди, - деди ва ўрнидан туриб бувиcини қучди.
- Онанг ифторга тайёрланяпти, ифторлик қиламиз, қизим, - деди бувиcи.
Ойша жавобан жилмайиб:
- Қорним тўқ, бувижон, уйқум келяпти, - дея хонасига кириб кетди.
Бувининг кўнглига ғулғула тушди.
- Жамила! - деб чақирди. - Ойшадан хабар олчи. Ғалати гаплар айтяпти… Юрагим…
Жамила хола хонага чопди. Эшикни очиб ичкарига югурди. Уй ичини ларзага солган фарёд янгради:
- Вой, болам…!
Ойша фаришта мисол ётарди. Гўё бироздан сўнг жилмайиб кўзини очадигандек эди. Аммо у аллақачон ўз тушида кўрган боғга бир қуш мисол учиб кетган эди.
Онанинг фарёди тонг сукунатини тилка-пора қилди…
Фотима ЭРГАШЕВА,
Нарпай тумани.