Нурмат Отабеков: COVID-19 га чалинганларнинг сони ортиб кетса, яна карантин жорий этилади
➖ Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашса, қандай чора-тадбирлар кўрилади? Агар вазият ёмонлашса, яна карантинга ёпилиш эҳтимоли ҳақида аниқ маълумотни билиш мумкинми?
Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков жавоб берди:
➖ Ўзбекистон ҳукумати агар COVID-19 қайд этиш ҳолатлари юқори тезликда ошиб бораверса, қатъий карантин чораларига қайтишга қарор қабул қилиши мумкин.
Сўнгги кунларда ҳар куни 600 дан зиёд янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Чунки аҳоли карантин қоидаларига тўла риоя этмаяпти. Вируснинг кенг тарқалиб кетиш эҳтимоли юқори. Бунинг натижасида эса вазият оғирлашиши мумкин. Ҳукумат эса вазиятдан келиб чиқиб, бир қатор чекловчи чораларни, жумладан, қатъий карантин жорий қилишга мажбур бўлади.
Фикримча, бу икки ой аввалгидек кенг кўламли карантин бўлмайди. Бироқ эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга йўналтирилган турли вариантлар бўлиши мумкин.
Республика аҳолиси муайян ва оддий мажбуриятлар - ниқобни тўғри тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептиклардан фойдаланиш ва қўлларни тез-тез ювиш масъулиятини унутмаслиги керак.