Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нуробод тумани Самарқанд вилоятида биринчи бўлиб пахта топшириш режасини бажарди

Нурободлик пахтакорлар Самарқанд вилоятида биринчи бўлиб жорий 2019 йилги пахта топшириш шартномавий режасини 101 фоизга бажариб, фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосилли пахта хирмонини бунёд этишди.

Тумандаги 28 та фермер хўжаликлари томонидан 600 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда аввало ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари мутахассисларининг таклифлари инобатга олиниб, ғўзанинг «Бухоро-102» нави экилди ва агротехник тадбирларга муҳим эътибор қаратилди.

Жорий йилда туманда масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Kattaqo‘rg‘on klaster”, “Samarqand kamalak invest” пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил қилиниб, жами 28 та фермер хўжаликлари унга бириктирилди. Мазкур фермер хўжаликларининг 600 гектар майдонига чигит экишдан тортиб, ҳосилини йиғиб-териб олишгача бўлган жараёнлардаги барча ташкилий ва молиявий масалалар корхона томонидан мувофиқлаштирилиб борилди. Бу эса соҳада ҳақиқий бозор муносабатларини ўрнатиб, юқори натижаларга эришишга сабаб бўлди.