Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нуробод тумани статистика бўлимида ҳалиям рус тилида иш юритиладими?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига алоҳида тўхталмоқчи эмасмиз. Аммо Ҳукумат қарорида 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий этилиши белгиланганди.

Бироқ Нуробод тумани ҳокимлигида, жумладан статистика бўлими томонидан ҳамон кирилл графикаси, камига рус тилида иш юритилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?!

Аслида статистик маълумотлар орқали туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши (139 фоиз) вилоятда энг яхшилардан эканлиги назаримизга тушди. Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилганимизда қуйидаги ҳисобот тақдим этилди:

Саволимизга тушунишмаганини қайд этиб, масалани такрор кўндаланг қўйдик. Навбатдаги маълумот ҳам бизни қониқтирмаслиги, қўшимча маълумотни вилоятда олгач ташлаб беришларини билгач, ҳайратимиз яна ошиб, саволни қайта ўқишни илтимос қилдик.

“Савол жуда оддий: қайси корхона қанақа озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаряпти? Шу пайтгача қайси корхона қанча озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарган?

Буни вилоятдан олмайдику.”

Кейинги олган маълумот эса қарийб ҳаммасини ойдинлаштирди. Негаки, туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган 21 та корхонанинг 19 таси нон тайёрлаш билан шуғулланаркан. Рўйхатга қараганда фақатгина Олтинсой маҳалласидаги "EKOMILK" хусусий корхонаси бозорга творог ва творогдан маҳсулотлар чиқарар экан.

Шу сабабли туманда қай тариқа 10 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани билан қизиқмадик. Шунча сўмлик арзонлаштирилган ун тегишли корхоналар ўртасида тақсимланган деган яхши гумонда суриштирувимизни тўхтатдик.

Аммо туманда қачондир нондан бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мутасаддилар учун қизиқмасмикан?