Нурободда бахшичилик қадриятга айланган
Бахшичиликни ривожлантириш мақсадида Самарқандда номдор бахшилар – қўшработлик Эргаш Жуманбулбул ўғли, булунғурлик Фозил Йўлдош ўғли, нарпайлик Ислом Шерназар ўғли, Хатирчидан Пўлкан шоирнинг санъати давом эттириб келинмоқда.
Жумладан, Нуробод туманида ҳам бу анъана авлоддан-авлодга ўтиб қадрият даражасига кўтарилган. Бу ҳақда гап кетганда шоир Шавкат бахши Бобомурод кўп тилга олинади. Ўн ёшидан шеър машқ қилишни бошлаган бахши бугунги кунгача бир нечта шеърий тўпламлар билан бирга бахшичилик йўналишидаги “Соҳибқирон Темурбек” достонини яратган. Айни пайтда оқин Жалолиддин Мангуберди, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдошга бағишланган достонларни яратиш устида ижод қилмоқда.
Бундан ташқари, нурободлик бахши-оқинлар орасида самарали фаолият юритиб келаётган Сайим бахши Эргашев, Абдуалим бахши Бекмуродов, Илёс бахши Мамаевларни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин.
- Кейинги пайтда туманимизда бахшичиликка бўлган қизиқишнинг ошиши шу инсонлар номи билан боғлиқ, - дейди туман ҳокимлиги маданият бўлими мудири Элмурод Ўсаров. – Шу боис, ота-боболаримиздан мерос қолган санъатни муносиб давом эттириш ва ёшларга бахшичилик сирларини ўргатиш мақсадида туманда тўгараклар ташкил қилинган. Жумладан, олис Тим қишлоғида жойлашган 5-Тим маданият марказида меҳнат қилиб келаётган Сайим бахши, 2-Жом маданият маркази бахшичилик тўгараги раҳбари Абдуалим бахши Бекмуродов ҳамда 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида ёш бахши-оқин Илёс бахши Мамаевлар ёшларга бахшичилик сирлари, дўмбира чалиш маҳорати ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналарини ўргатиб келмоқда.
Тумандаги 1-сон марказий маданият марказида “Нуробод чашмаси” номли фольклор ансамбли ҳам ташкил этилган.
Унда урф-одат ва анъаналаримиз, халқ қўшиқлари ҳамда чанқовуз чалиш сирлари ўргатилади.
- Туманимиз аҳолисида миллий анъаналар ва санъатга бўлган қизиқиши анча юқори, - дейди ансамбль аъзоси Роҳат ая Мўминова. - Чанқовуз ва дўмбира чалиб қўшиқ куйлаш ота-боболаримиздан мерос. Шу боис, бу анъанани давом эттириш мақсадида тумандаги маданият марказларида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, унга аҳолининг барча қатлами жалб қилиняпти. Ёшлигимдан чанқовуз чалишни момоларимиздан ўрганганман. Ҳозирда бу чолғу сирларини ёшларга ҳам ўргатяпман.
Фазлиддин Рўзибоев.