Нурободнинг Меҳр қишлоғига автобус қатнови йўлга қўйиладиган бўлди

Бугун 29 ноябрь куни Zarnews.uz сайти ҳамда тelegram каналида “Нурободнинг Меҳр қишлоғи аҳолиси транспорт идораларининг меҳрига муҳтож” номли мақола эълон қилинганди.

Нуробод тумани ҳокимлиги вакиллари ҳамда вилоят транспорт бошқармаси туман бўлими вакиллари томонидан мазкур мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилди.

Меҳр қишлоғи билан туман марказигача бўлган масофа 27 километрни, Самарқанд шаҳригача эса 102 километрни ташкил этади. Бугунги кунда “Ўртабўз-Нуробод-Самарқанд” ҳамда “Олға-Нуробод-Самарқанд” йўналишидаги жамоат транспортлари қатнови йўлга қўйилган бўлиб, Чорвадор МФЙ ҳудудидаги Меҳр қишлоғи аҳолиси учун жамоат транспортлари қатнови йўлга қўйилмаганлиги аниқланди.

Қишлоқ аҳолисининг жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 2 декабрь кунидан бошлаб, “Меҳр-Нуробод-Самарқанд” йўналишида “OqsoyTrans” МЧЖга қарашли автобуслар қатнови синов тариқасида йўлга қўйилишини маълум қиламиз.

Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.