Нью-Йоркда коронавирусдан уч нафар ўзбекистонлик вафот этди

Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 6 апрель куни 1969 йилда туғилган мамлакатимиз фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида маҳаллий клиникада вафот этди.

22 март куни Р.Х.да касалликнинг биринчи аломатлари қайд этилган эди. Унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрел куни касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланди ва сунъий комага туширилди.

Ҳозирги пайтда Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади.

Кеча Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри, Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этганини хабар қилган эди.

Мамлакатимиз фуқаролари – З.Ҳ. ва Ҳ.С. маҳаллий шифохоналарда коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида вафот этган.

Ушбу даврда Бош консулхона марҳумларнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб турди.

АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси (тел: +1-202-887-5300 (ички.1)) ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасига (тел: +1-212-754-7403) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади.