Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилинади. Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Бунда 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани татбиқ этилади. Янги ўқув йилидан информатика фани 1-синфдан ўргатилади.
Ҳозирда мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаган. Энди фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.
Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.
Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.
Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.
Шунингдек, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024 йил 1 июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.
Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Энди мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади.