Ўзликни англаш ёхуд ўз айбини ҳам тан олмоқ хусусида

Борлиқ мукаммал яралган: ҳамма нарса ўз жойида керак, ҳамма жонзотнинг ризқи мавжуд, ҳар тирик мавжудот ўзича яшаш ваколатига эга, бинобарин, йўқдан бор бўлмайди, бори эса йўқолмайди.

Борлиқ ва дунё Худо томонидан яратилганини тан оламиз (аслида ҳам шундай!), аммо баъзан жоҳиллик боис, ана шу борлиққа эгалик қилмоқчи бўламиз. Одам Ато ва Момо Ҳаво авлодлари эканимизни ҳам тан оламиз, минг афсуски, гоҳида Ҳобил билан Қобилнинг йўлини тутамиз, ҳатто қавмимизга озор беришдан уялмаймиз.

Нафс ва Шайтон инсоният душмани эканини биламиз, Искандарнинг қабрга ҳеч вақосиз, очиқ кетган қўлини барчага ибрат қилиб кўрсатамиз, бироқ иродамиз бўшлигидан уларга майл билдирамиз. Ҳатто ана шу гуноҳларимиз учун ўзимизни эмас, бошқаларни айблашга ўргандик. Бунинг сабаби недур: феълданми, масъулиятсизликми ё бебошликми? Назаримда, юксак технологияни, бугунга келиб, ҳатто сунъий одамни ҳам яратган инсон тафаккури ана шу сабаблар хулосасига келганда ожиз қолаётганга ўхшайди. Феълларни, ҳаракатларни тартибга солишга мўлжалланган ДЕМОКРАТИЯ ҳам бу муаммога нуқта қўя олган эмас.

Машинада кетаётган беш кишининг тақдири битта ҳайдовчи қўлида бўлади, лекин Худога нола қиламиз: "Эй, Қодир эгам, йўлдаги балолардан ўзинг асра!". Бинобарин, ўша ҳайдовчи кўзимизга Худоданда азиз кўринади... Унинг барча талабини бажо этамиз.

Автобусда, поездда, самолётда ҳам шу ҳолат.

Кўнгил борасида ҳам шу: Худодан бошқа суянчимиз йўқлигини билсак-да, баъзан дўстга, яқин кишиларга борлиғимизни ишонамиз, уларга ҳаддан ортиқ суянамиз. Негаки, ана шу ишонч, фидолик, садоқат вужудимизга ҳузур бағишлайди, аммо бу ҳузур мавриди ҳам Худонинг инояти билан. Мабодо, яқинимиз, дўстимиз ишончни оқламаса, дилимизга озор етказса, яна Худога нола қиламиз. Яхшиямки, Яратган кечиримли, бунинг устига У бандалар ишига аралашмайди. Ваҳоланки, бандалар феъли, қилмиши дунё оромига зарар етказса, барчамизни ҳам жазолашга тушишини яхши биламиз. Бу билан баъзида бир-биримизни қўрқитиб ҳам қўямиз.

Имтиҳонга келдик. Ундан омадли ўтиш учун олган билимимиз, ўзлаштирган малакамиздан, қатъиятимиздан эмас, яна Худодан мадад, тасодифдан омад кутамиз. Имтиҳон олувчи одам кўзимизга энг яқин халоскор бўлиб кўринади. Биламан, ўзини билган, илмига таяниб яшаётганларга бу иддао оғир ботади, улар мени кечирсинлар, аммо камина ҳам кўрган ва ҳис қилган, англаган ҳолатларим хусусида сўз юритяпман.

Умуман, инсон ҳаётини тўғри томонга буриб турадиган мурват кимнинг қўлида? Бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган, бир-бирини мутлақо такрорламайдиган феъллар, тақдирларни эзгулик сари бошлаш масъулияти кимнинг зиммасида? Ўз юртида адолат, чинакам эркинлик ўрнатган давлатлардаги комронлик, бахтиёрликнинг сабаби нимада: одамларининг ҳалим, оқил феълидами ёки давлатининг оқилона бошқарувидами? Инсон руҳиятини адолат бошқарадими ёки илм?

Якка ҳокимликда ҳам, қўшҳокимиятчиликда ҳам жамият фикри хира тортади, одамлар ё қўшилмайди, ёки тарафкашликка ўтади. Бугун биз ривожланган демократик жамиятда ҳам қудратли, зўравон давлатлар устунлигини кўряпмиз. Улар халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилот фикри билан ҳисоблашмаяпти, Худодан ҳам қўрқмаяпти. Аксинча, бир-бирини ва бошқаларни ҳам қудратли қуроллари ва тазйиқнинг бошқа воситалари билан қўрқитишяпти.

Жамиятда яққол кўзга ташланаётган яна бир иллат борки, бу ҳақда айтмасликнинг иложи йўқ. Гап ХУДБИНЛИК ҳақида. Бировнинг ҳисобидан нафақат кун кўрадиган, балки бойимоқчи бўлганлар кўпайди. Бировни сотиб ёхуд хатосини айтиш ҳисобидан обрў, шуҳрат олмоқчи бўлганлар кўзга ташланяпти. Йўқ, қатағон йилларидаги каби ҳеч ким бировни ёмонлаб, йўқ айбларини ҳам ёзиб бер, деган эмас. Уни ихтиёрий, яна давомли қиляпмиз...

Худбинлигимизни ижтимоий тармоқлар очиқ кўрсатиб қўйди.

Бунга тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Бу масалада тўйлардаги манзарамизни кўз олдимизга келтиришнинг ўзи кифоя бўлса керак. Гап шундаки, ҳудудимизда тўйпарастликка қарши курашиш ҳамма тизим чоғида, 100-150 йиллардан бери давом этади. Демак, бу иллатнинг томир отиши фақат давлат сиёсати билан боғлиқ эмас, уни ўзимиздан, феълимиздан қидирайлик. Аслида ҳар бир миллатнинг қадрияти, шу миллат вакиллари бир-бирини қўллагандагина сақланиб қолади.

Инсон нуқтаи назарини, фикрини ўзгартириш ниҳоятда мураккаб жараён. Битта мисол келтириб ўтсам.

Яқинда зиёли тенгдошим бир маслаҳат билан келди. Келини институтда ўқир экан. Ёш боласи борлиги боис дарсларга тўлиқ кела олмаган, табиийки, имтиҳонларни топширмаган. Натижада уни курсда қолдиришган. Кимдир, мабодо, уни бошқа институтга кўчирсанг, курсида қолади, деб маслаҳат берган. Ўзи муаллимликдан нафақага чиққан танишим бу гапга ишонган. Шу сабабли унга ҳозирги имтиҳонлар, талабанинг рейтинги компьютерга киритиб борилади, уни ўзгартириш мумкин эмас, деган гапимдан хафа бўлди. Кўряпсизми, камина зиёли одамнинг ҳаракати ҳақида гапиряпман. Унга келинининг илм олиши, касбни эгаллаши муҳим эмас. Муҳими, дипломини тезроқ олсин. Ишонаверинг, ана шу танишим, келини диплом олгач, уни ҳеч қайси ташкилот ишга олмаётгани, иш топиб бермаса, давлат нега тўрт йил ўқитганини иддао қилади.

Айнан шу иллат – худбинлик бир қараганда маиший бир нуқсондай кўринади. Аммо одам феълидаги бу иллатни оилада, жамиятда, кейин давлат миқёсида ўлчаб кўринг-чи? Тасаввур қиляпсизми? Худбин инсоннинг озорлари бир оилани парокандаликка олиб келиши мумкин, чунки у фақат ўз манфаатларини устун қўйишни билади. Корхонада ҳам бундай шахс атрофдагиларга зарар етказади. Эҳтимол, жамоа сифатида унга кўп сабр қилишмас, лекин у бу қусурини йўқотмас экан, гоҳ моддий, гоҳ маънан атрофдагиларга салбий таъсирини кўрсатиб бораверади. Худбин амалдорнинг бу иллати бутун жамоани ботқоқликка тортади, ундан ўша жамоаҳам, жамият ҳам зарар кўради. 

Юқорида аслида инсонларнинг кундалик ҳаёти, бир қараганда фақат ўз шахсий ҳудудига тегишли бўлган феъли борасидаги мулоҳазаларим ҳамда кўрганларимдан куюнганим учун қоғозга туширганим боиси ҳам шу. Феъл-атвор, одамларнинг умумҳолатидаги қусурлар кўпроқ кўзга ташланиб бораётган экан, энди бу қусур фақат унга тегишли бўлмайди. Бу - барчамизнинг оғриғимиз. Бу оғриқни даволашни эса ўзимиздан бошлашга уялмайлик. 

Фармон ТОШЕВ, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.