Обама ядро қуролини бутунлай йўқ қилишга чақирди ва Хиросимани унутмаслигини айтди

10-11 декабрь кунлари Хиросима шаҳрида Япония томони ташаббуси билан ташкил этилган Ядро қуролисиз дунё учун халқаро гуруҳнинг биринчи конференцияси бўлиб ўтмоқда.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама дунё келажак авлодлар манфаати учун ядро қуролини бутунлай йўқ қилишга интилиши керак, деб конференция иштирокчиларига видеомурожаатида айтиб ўтди.

“Биз авлодларимиз учун ядро қуролидан холи дунёга интилишимиз керак”, — дея унинг сўзларини келтиради Kyodo. Обама, шунингдек, 2016 йил май ойида Хиросимага қилган ташрифини ҳеч қачон унутмаслигини айтди. "Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Бу менинг бутун дунё бўйлаб ядро қуроли хавфини камайтиришга бўлган садоқатимни мустаҳкамлаган лаҳза бўлди", - деди у.

Обама 2016 йилда Хиросимага ташриф буюрган биринчи амалдаги АҚШ президентига айланди. У ерда, хусусан, ядровий зарбадан омон қолган шаҳар аҳолиси билан учрашди ва «Тинчлик» музейига ташриф буюрди.

Хиросима ва Нагасакига атом бомбаси ҳужуми Иккинчи жаҳон урушининг энг охирида АҚШ ҳарбийлари томонидан амалга оширилди. Уларнинг расмий мақсади Япония империясининг таслим бўлишини тезлаштириш эди. Ушбу ҳужумлар инсоният тарихида ядро қуролидан жанговар фойдаланишнинг ягона ҳолати эди.