Одамлар нимага қизиқади?

Қизиқ-а, инсон қизиқувчанлигининг ўзига хос ажойиб қонунлари бор. Масалан, маълум бир компания кечқурун ўз витринасида оддий чироқ ёрдамида ўзиюрар трактор плуги тасвирини кўрсатди. Икки юзга яқин ўткинчи йўлакда туриб, унга қизиқсиниб қарайди.

Ҳамма тўхтайди ва бир неча дақиқа бу ноаниқ тасвирга ҳайрат билан тикилади, кейин эса мамнун йўлида давом этади. Лекин агар ўша пайтда унинг ёнида асфальтда ҳақиқий ўзиюрар плуг пайдо бўлиб қолгудай бўлса, у унинг томонига қараб фақатгина - бу ерда қанақа йиртқич ҳайвон шанғлиллаб судралиб юрибди экан, - деб бир кўз ташлаб қўйган бўларди, - лекин тўхтаб, унинг ишини кузатишни ҳатто ўйламасди ҳам.

Бир куни шаҳар экранларида кейинги сайловларда қатнашадиган машҳур номзодларнинг кинопортретларини намойиш қилишди. Минглаб одам кўчаларда гавжум бўлиб, доктор Гербен, доктор Ванек, депутат Вотруба ва яна кимларнингдир портретларидан кўзларини узмасдан тикилиб туришарди. Лекин бу оломон ичида тўсатдан доктор Гербен ёки Ванек ёки Вортубанинг ўзи пайдо бўлиб, олдинга ўтишни истаса, уларга ҳеч ким эътибор ҳам бермасди, ҳатто йўл бермасдан, безовта қилгани учун тирсаги билан туртиб ҳам қўярди.

Сиз хоҳлаган нарсангизни гаровга қўйишингиз мумкин, лекин Вацлав майдонида Миллий музейнинг катта фотосуратини қўйганингиздан сўнг у ерда барча ҳаракат тўхтаб қолади – ўттиз минг кишилик оломон бутун майдонни тўлдиради ва икки қадам нарида жойлашган ва ҳеч ким кирмайдиган ва эътиборсиз қолган музей фотосуратини бутун вужуди билан томоша қила бошлайди. Ёки экранда шахдам қадамлар билан юриб бораётган одамни кўрсатинг, шунда одамлар тўхтаб, экрандаги одам тасвирини кўриш учун бошқа ўтиб бораётган одамлар йўлини тўсиб қўйганига амин бўласиз. Борди-ю, экран одами уларнинг ёнида турган бўлса, улар унга заррача ҳам қизиқиш кўрсатмаган бўларди.

Шу ерда сиз дарҳол инсоннинг қизиқувчанлиги қонунларидан бирини кўришингиз мумкин: бунга ҳақиқат эмас, балки тасаввур сабаб бўлади: у муайян нарса ёки вазиятга қизиқиш орқали эмас, балки тасаввур эҳтиёжидан келиб чиқади. Қизиқувчига бирор бир нарсанинг тасаввурдаги кўриниши ўзидан кўра кучлироқ таъсир кўрсатади. Витринада остонатош бўлагини қўйиб, тагига Височан шаҳридан келган Голоубкова хонимнинг оёғини унга уриб синдиргани ҳақида ёзув қолдиринг: шунда сиз одамлар тўпланишининг сабабчиси бўласиз: шу билан бирга бечора Голоубкованинг ўзи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Агар Длоуга кўчасидаги 77-уйда беш болали тикувчи консервадан заҳарланган бўлса, бир неча минг шаҳар аҳолиси ушбу 77-уйни кўриш учун Длоуга кўчасини зиёрат қилишга ошиқади. Ушбу уйнинг ўзида ҳеч бир қизиқ нарса йўқ, лекин содир бўлган воқеа муносабати билан у қизиқувчиларни ўзига тортади.

Браник шаҳрида йигирма минг киши соатсознинг ўлдириб кетилган оиласинниг дафн маросимини томоша қилиш учун тўпланди. Тўс-тўполон туфайли тобутларни ҳатто қабрларга олиб бориб бўлмайди. Гўёки ўлдирилганлар тобутдан чиқиб, бармоғи билан қотилни кўрсатадигандек. Аслини олганда, бу маросим сил касаллиги ёки буйрак касаллигидан вафот этган кишининг оддий дафн маросимларидан фарқ қилмайди, бироқ унга бўлган қизиқиш фақат тасаввур кучи орқали юзага келган.

Одатда қизиқиш бирор бир сабабга кўра янги, ғайриоддий ёки истисно билан боғлиқ деб айтилади. Ёнимиздан ўтиб кетаётган оддийгина трамвай ҳеч кимни қизиқтирмайди: лекин унинг ёйи электрдан чиқиб кетгудек бўлса, у дарҳол қизиқиш сабабчиси бўлади. Кўпинча баҳона шунчаки сабаб сифатида рўкач қилинади. Ҳақиқатнинг нормал механизми яхлит – фақат бизнинг руҳимиз механизми бузилмоқда.

Қарама-қарши йўлакда бир одамни кўраяпсизми? Айтайлик, у темирчи. Унда ҳеч бир аломат йўқ, лекин сиз унга қизиқмасдан қарамадингиз, негаки, мен сизни бефарқлик ҳолатидан олиб чиқдим ва сизнинг қарашларингизга оддий тасаввур элементини қўшдим.

Энди ўзингиз қизиқувчанлик ниманидир ўрганиш заруратидан эмас, аксинча, ниманидир тасаввур қилишдан келиб чиқиши ва қизиқарли воқеалар содир бўлмаслигидан эмас, балки қизиқарли ғоялар йўқлиги туфайли ривожланишининг гувоҳи бўлдингиз. Оломон айнан шу сабабли жуда синчков, чунки у ўйламайди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.