Одамларнинг қайғусидан шуҳрат ясамайлик

Одатда, бу мавзуда баралла гапиришга уят, андиша йўл бермасди. Айниқса, жабрдийдаларнинг бу ҳақда сўз очиши ўн карра оғирроқ бўларди. Лекин қуйида биз айтмоқчи бўлган жабрдийда ҳали ўн саккиз ёшга тўлмай, ҳаёт билан видолашди. Унинг онаси, бувиси, яқинлари бу аламга чидай олмай, ҳаммасини ошкор айтиб берди. Ёш, увол кетган қизнинг қайғуси шунчалик кучли эдики, ҳатто парда ортида айтишга ийманиладиган сўзлар бутун оммага ошкор этилди. Ҳа, шундай бўлди. Бу ҳолатга жавобгар йигит жазосини тортсин, албатта қамалсин, гулдай қизимиз увол кетадию, бунга айбдор йигит ўйнаб-кулиб юраверадими, деган алам уларга тинчлик бермасди. Ана шу алам уларни экранга олиб чиқди, шу алам уларни гапиртирди. Уларнику, тушунса бўлар,  бундай қайғуни кўтариш оғир, у билан яшаш оғир, лекин уларга ёрдам бераман дея «қаҳрамонлик» қилган блогер ҳам шу алам билан ўралашиб, соғлом фикрлашни унутдимикан, деб ўйлаб қолдим.

«Вазифангиздан озод қилиш масаласини қўяман!»

Гап шундаки, яқинда анча мунча аудиторияга эга бўлган ютуб каналларидан бирида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 10-синф ўқувчиси номусига тегилгани учун қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида видеотасвирлар пайдо бўлди. Журналист эканлиги шубҳали бўлган,  назаримда лайк йиғиш иштиёқидаги ишқибоз блогер йигит оналар камерага қарата айтган бор гапни оммага ошкор қилади. Унга бундай ваколатни ким берган, дейиш бугунги ахборот асрида мушкул. Сабаби, қўлида фотоаппарат, мобиль телефони бор инсон борки, бугун ахборот тарқатиш билан шуғулланмоқда. Ушбу маълумотларнинг рост ёки ёлғонлиги бу алоҳида мавзу.

Хуллас, мавзуни чуқур ўрганишда давом этган блогер маҳалла фаолларини йиғиб, уларни ҳам сўроққа тутади. Хусусан, маҳалла оқсоқоли, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассисга ишларни етарли даражада олиб бормаганини айтиб, дўқ уради. «Сизни вазифангиздан озод этиш масаласини қўямиз» дея дағдаға қилади маҳалла мутахассисига. Маҳалла раиси, ўша ерда йиғилган аҳолига бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун «қимматли» маслаҳатларини беради. Кўрган сайин энсанг қотади: экрандаги одамлар муаммосини ҳал қилишга ваъда бераётган киши ким ўзи? Журналистми ё?.. Умуман, масалани бу тахлит оммага олиб чиқиш қайси мезонларга тўғри келади. Ким унга бундай ҳуқуқни берди?

Блогернинг ҳам этикаси бўлиши лозим

Умуман, кейинги пайтда журналистика қонун-қоидаларини кўра била туриб, одамларнинг қайғусини пеш қилиб бузаётган «мухбир»лар сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг услуби бир хил: одамларнинг дардидан жуда катта ёпинчиқ тикиб олишади. Масаланинг қонуний жиҳатлари, бу билан боғлиқ ишларни суриштириб ўтиришга уларнинг тоқати йўқ. Ҳис-ҳаяжонга, бақир-чақирга тўла ёпинчиқни байроқ қилиб атрофига одам йиғади. Гўё улар мазлумлар, эзилганлар, хўрланганларнинг энг одил ҳимоячисига айланади омманинг кўз ўнгида. Менинг вазифам – борини кўрсатиб бериш, дейди. Ваҳоланки…

Устозларимиз иш амалиёти, қолаверса ўз фаолиятим давомида ҳам кўплаб шикоят хатларини, турли соҳа, турли даражадаги муаммоларни ўрганишимизга тўғри келган. Улар орасида муаммоларнинг ҳал этилганлари ҳам талайгина бўлса керак. Аммо муҳими ушбу муаммолар ва унинг тафсилотлари ҳар доим ҳам газетада чоп этилмайди ёки экран юзини кўрмайди. Этика нуқтаи назаридан, қолаверса, инсон шаъни, қадр-қимматини ўйлаган ҳолда аҳолига баралла айтилиши шарт бўлмаган муаммолар бор. Улар ҳақда гапириш яна бир муаммони келтириб чиқариш эҳтимоли жуда кучли. Дейлик, инсон рухиятига шикаст етказиши, аччиқ устида айтилгач, ошкор бўлгандан кейин ўша одамга турли хил зиён етказиши мумкин.

Худди шундай, ургутлик марҳума қиз ҳақида оналар фикр билдирган лавҳаларни блогер факт сифатида олиб қўйиши, ўзи эса масаланинг қонуний жиҳатларини ўрганиши лозим эмасмиди. Ахир унинг мақсади ҳақиқатни қарор топтиришку! Энг даҳшатлиси, видеода ғамбода оналар гўёки терговчи ёки адвокатга, ҳақиқатни қарор топтириш илинжида марҳума қизи билан боғлиқ энг нозик гапларни ҳам айтиб бераётганди. Блогер оналарни шунга ундаяяпти. Лекин лавҳалар давомида бирорта мустақил ҳуқуқшунос, бир экспертнинг фикрини олиш унинг хаёлига келгани йўқ. Тўғри, юқорида таъкидлаганимиздай, маҳалла мутахассиси сўроқ қилиниб, раисни изза қилгандай бўлаяпти. Шу билан тамом. Ҳа, айтганча, ушбу оилага ёрдам қилайлик, пластик карта очтирдик, саховат қилмоқчи бўлганлар марҳамат дея, томошабинни хайрияга ундаяпти.

Энди ўйлаб кўринг, ушбу видеонинг тарқалиб кетиши Ургутнинг чекка бир бир қишлоғидаги оиланинг кейинги тақдирига қанчалик акс таъсир қилиши мумкин.   Қавму қариндошлар, марҳума қизнинг ягона акаси бу воқеа янада машҳурлашгач қай аҳволга тушади? Ўртада адоват кучайиши, бу эса қайсидир маънода бир жиноятга замин яратиши эҳтимолдан холи эмас.

 Дарвоқе, масала бўйича туман хотин-қизлар қўмитасига қўнғироқ қилганимда улар томонидан хизмат текшируви ўтказилгани, уларнинг ўрганиши бўйича йигитга чора кўриш ҳақида хулоса берилганини айтишди. Аммо экспертиза хулосаси бошқа бир фактни, яъни қизнинг бокира эканини исботловчи далилни келтирмоқда. Тергов ишлари эса давом этмоқда.

Хулоса ўрнида

Муаммони етарлича ўрганмай хулоса чиқариб, шов-шувли лавҳалар, мақолалар тайёрлаш бугун анча оммалашди. Бундай мақолаларнинг баъзилари мутахассис нигоҳи билан қаралса, шунчалик мўртки, масала бўйича савол кетидан савол туғилаверади ўқувчида. Энг қизиғи, давлат идоралари ходимлари ҳам ўз шаънини ҳимоя қилиш мақсадида чуқур таҳлилий, профессионал танқидий чиқишларга эмас, кўпроқ шу каби бақир-чақирларга тўла мақола, лавҳаларга дарҳол муносабат билдирмоқда.  Бундай ҳолат эса табиийки, бу хил ахборот тарқатаётганлар тегирмонига сув қуяётир.

Тўғриси, ижтимоий тармоқларда, ютубда пайдо бўлган янги «журналистика» ҳақда ёзишга анчадан бери истиҳола қилиб юргандим. Истиҳолам,  бугун сўз эркинлиги кўтарилган бир пайтда, журналистлар аҳоли муаммоларини эркин кўтариб чиқаётган кунларда ўз илдизингизга болта уряпсизми, деган қарашларнинг пайдо бўлишида эди. Аммо асл журналистика билан бир пуллик иши йўқ, одамлар қайғуси, муаммосини «бизнес»га айлантириб олаётганларни ўз вақтида таниб олишимиз керак, назаримда. Худди шу фикр ушбу мақолага туртки бўлди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.