Одобнома: Бирисин ой англа, бирисин қуёш
Ота-она ҳар бир киши учун мўътабар, азиз инсон ҳисобланади. Динимиз ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда бизнинг динимиздагидек ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган бошқа бирор таълимот йўқ.
Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олийжаноб иш экани шундай таъкидланади: “Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”.
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Робнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Робнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, “Ота рози – Худо рози” деган гап бежиз айтилмаган.
Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ота-она ҳақида гапириб, қуйидаги байтларни битади:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунингға айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирсин қуёш.
Фарзанд ота-онага муомала қилишда, гарчи улар хатокор бўлсалар ҳам, эҳтиёт бўлиши, уларнинг қалбига озор берувчи сўзлардан тийилмоғи лозим. Шунингдек, жамиятда ҳам доим ота-онасига олқиш ва раҳматлар келтирадиган амалларни қилиши керак. Ота-онани лаънатлаш, сўкиш билан ва уларнинг номига ёмон сўзларни олиш билан киши ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг лаънатига лойиқ қилади. Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиш эса, раҳматидан маҳрум қилинишдир. Бундай инсон икки дунёда ҳам саодат топмайди.
Бундан кўриниб турибдики, фарзанд ҳар қандай ҳолатда ота-онасини ҳурмат қилиши, уларнинг дуосини олиши, ҳар доим уларга меҳрибонлик кўрсатиши зарур.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази фиқҳ шўъбаси раҳбари.