“Ўғирлаган” маҳсулотимизнинг пулини бериб келдик”
“Лўли қиздан қарзим бор” ҳикоясини ўқиб...
“Лўли қиздан қарзим бор” сарлавҳали ҳаётий ҳикоя Zarnews.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, жуда кўплаб ўқувчилар унга ўз муносабатини билдиришди. Уларнинг орасида худди шу каби ҳолатга тушганлари ёки ҳикоядан таъсирланиб, аввалроқ йўл қўйган хатоларини тўғирлаганлари ҳам бор экан. Қуйида улардан бир нечтасини сизнинг эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдим.
Самира:
— Укам билан Сиёб деҳқон бозорига бордик. Автотураргоҳда икки нафар болача келиб, “Машинанинг балонларини ювиб берайлик”, деб ҳолу жонимизга қўйишмади. Укам уларни ҳайдаб юборди. Бозор дарвозасига яқинлашганимизда эса ўша болаларнинг кичикроғи югуриб келиб, енгимдан тортди. Укам жаҳл билан “Нима гап?”, деб бақирган эди, бола бечора: “Амаки, битта эшигингиз ёпилмай қолибди”, дейди. Автотураргоҳга югуриб кетдик. Қарасак, иккинчи бола машинамизни қўриқлаб ўтирибди. Унинг ичида ҳужжатларимиз ва 5 миллион сўм пул бор эди. Барчаси жойида экан. Укам қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлди. Уларнинг ҳар бирига 10 минг сўмдан суюнчи пули бериб, раҳмат айтдик.
Амир:
— Ҳақиқатдан ҳам кейинги вақтлар Самарқанд шаҳрининг кўчаларида замонавий “тиланчилар”, аниқроғи, товламачилар кўпайиб кетди. Усту боши сизу бизникидан яхши, тўрт мучаси соғлом эркагу аёллар турли ҳийла ва найранглар билан одамлардан пул ундиришмоқда. Буларнинг дастидан ҳақиқий муҳтожларни фирибгарлардан ажратолмай қолдик. Ҳеч кимнинг пули ошиб-тошиб ётгани йўқ. Улар: “Болам касал. Дорига етмаяпти”, деб мўлтиллаб турганидан кейин қамбағал одам ҳам ўзининг болалари ризқидан кесиб бирон сўм беради-да. Микрорайонда биттасининг шунақа ҳикоясига ишониб, пул бердим. Четроққа ўтиб, кузатиб турсам, у “бечора” дўкондан бир пачка сигарет олди. Бундайларни тиланчи, деб бўлмайди, жамиятимиз юзидаги доғ, товламачи улар.
Саодат:
— Инсонлар борки, иши битиши учун ўзидан “баландроқда” турган ҳар қандай одамга хушомад қилиб, қолганларга фитнаю бўҳтонлар қилиб, бойлик тўплашади. Гўёки, дунё шу бугундан иборату, уларнинг бошидаги “тожи” абадий. Яна инсонлар борки, умрида кўрмаган ва танимаган одамларига яхшилик қилишади. Шундайлар кўпаяверсин орамизда. Ҳар қандай амалдан олдин виждонимиз билан ҳисоблашишни унутмайлик. Одамийлик ўлмасин!
Шукрона:
— 2 ёшли қизимни етаклаб дўконга кирдим. Рўзғор учун керакли маҳсулотларни олаётган вақтимда қизим ҳар нарсага тегиниб, хархаша қилаверди. Шунда унинг қўлига харид қилишимиз керак бўлган тиш пастасини бериб қўйдим. Лекин ҳисоб-китоб вақтида уни сотувчига кўрсатиш ёдимдан чиқибди. Харид чекини олиб, чўнтакка солаётган вақтимда қизимнинг қўлидаги “ўйинчоқ”ни кўрдим, аммо негадир индамадим. Виждоннинг азоби вақт ўтиши билан кучаяр экан. Шундан кейин ҳар гал ўша дўконнинг ёнидан ўтганимда ўзимни ўғридек ҳис қила бошладим. “Лўли қиз” ҳикояси қатъий қарорга келишимга ёрдам берди. Кеча қизим иккаламиз “ўғирлаган” маҳсулотимиз пулини бериб келдик. Энди хотиржамман.
(Ўқувчига тушунарли бўлиши учун матн ҳажми қисқартириб берилмоқда.)
Асқар БАРОТОВ.